Жаҳон | 11:10 / 29.03.2023
5884
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ва Украина вазирлари Россия атомига қарши чораларни муҳокама қилди

Брюссел Украина энергетика тизимини сақлаб қолиш бўйича кейинги қадамларни, шунингдек, Россия ядро секторига қарши санкцияларни муҳокама қилмоқда.

Фото: Reuters

28 март, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи энергетика вазирлари кенгашида Украинага энергия ускуналари етказиб бериш ва Россия атом саноатига қарши янги санкциялар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Украина Энергетика вазирлиги раҳбари Герман Галушченко хабар берди. "Биз бунинг энергия ишлаб чиқариш ҳали ҳам Россия ёқилғисига боғлиқ бўлган мамлакатларга қандай таъсир қилишини батафсил муҳокама қилдик, - деди у. - Аммо бу масалани кўтариш ва улар (руслар) ядровий хавфсизлик билан амалга оширган ишидан кейин атом саноатига санкциялар қўйиш муҳим. Цивилизациялашган дунёга русларга Европа бозорида жой йўқлиги ҳақида кучли сигнал юбориш керак".

Брюссел бу таклифни кўриб чиқишга ваъда берди. "Мен Украинанинг бугунги босимини олқишлайман ва Европа Иттифоқи давлатларидан Россиядан газ ва нефт, шунингдек, ядро ёқилғисига қарамликни камайтириш бўйича кейинги қадамларни қўйишни сўрайман. Бугун бу биз учун муҳим чақириқ бўлди, биз буни албатта қабул қиламиз", деди Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Швеция энергетика вазири Эбба Буш DW'га.

Россиянинг кенг кўламли тажовузкорлиги бошланганидан бери дунё "энергетика сектори қуролга айланганини ва урушнинг олдинги сафида турганини" кўрди, деди у, шунинг учун энергетика вазирлари Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилишда давом этишлари керак. Европа Иттифоқи Украина энергетика секторини қўллаб-қувватлайди ва аллақачон 5 миллионга яқин ускуна, жумладан, генераторлар ва трансформаторларни юборган.

Мавзуга оид