Воқеа 2023 йилнинг 17 март куни тонгги 5.00 ларда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш хонадон эгаларининг иситиш печини нотўғри ўт олдириши оқибатида келиб чиққан.

Биз портлаш содир бўлган хонадонга бордик. Марҳумларнинг яқинлари оғир мусибат устида бўлгани учун ҳолат ҳақида камера қаршисида гапиришни исташмади. Шундан сўнг, туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, беморлар шифохонага олиб келинган вақтда қандай ҳолатда бўлгани билан қизиқдик.

Беморларни қабул қилиб олган шифокор Зоҳир Мардиевга кўра, уларнинг аҳволи келган вақтда ҳам анча оғир бўлган. Шундай бўлсада, шифокорлар билан мулоқотга кириша олишган. Тана ва юз соҳаларида 60-70 фоизгача куйиш аломатлари бўлган. Бобо ва бувининг ҳолати анча оғир бўлгани сабабли уларни туман тиббиёт бирлашмасидан кўчириш лозим топилмаган. Набиралар эса РШТЁИМ Самарқанд филиалига кўчирилган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, оила аъзоларининг барчаси нобуд бўлган: буви ва икки набира 26 март куни, бобо эса 27 март куни вафот этган.

Туман прокуратураси айни вақтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Каттақўрғон тумангаз бўлими бошлиғи Ойбек Қўлдошев ўз интервюсида хонадон эгалари ҳақиқатан ҳам газдан нотўғри фойдалангани ҳақида гапирди. Қўлдошевнинг айтишича, 2022 йилнинг декабр ойида туман аҳолиси, хусусан, Мадраса маҳалласи аҳолиси билан ҳам суҳбатлашилган. Қўлбола печлардан фойдаланмаслик, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда табиий газдан фойдаланиш тўғрисида огоҳлантирилган. Бироқ ушбу нохуш ҳолат содир бўлганидан сўнг, ўша хонадон бориб ўрганилганда меъёрга тўғри келмайдиган гарилкалар ҳамда резина шланглардан фойдаланилгани аниқланган.