20-21 май кунлари Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида россиялик хонандалар иштирокида «Жара» мусиқа фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Унда Россия эстрадасининг 30 га яқин юлдузлари иштирок этиши кутиляпти. Концертга чиқарилган чипталар нархи 3,5 миллион сўмгача боради.   

«Жара» фестивали 9-12 март кунлари Қозоғистонда ўтказилиши кутилганди. Аммо ижтимоий тармоқлардаги фаол норозиликлар ортидан Олмаотадаги концерт номаълум муддатга қолдирилди.  

«Жара» фестивалида иштирок этадиган россиялик қўшиқчиларнинг аксари Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уларнинг Қозоғистондаги чиқишлари республика «Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаши»ни англатишини айтиб, норозилик билдиришган. 

Натижада Қозоғистондан қувилган «Жара» ташкилотчилари концертни Тошкентга кўчиради.

Айтиш керакки, уруш бошланганидан кейин «Жара» фестивалини ўтказиш қийин бўлиб қолган. Санкциялар туфайли Европага киролмаган россиялик хонандалар норозиликлар туфайли нафақат Қозоғистондаги, балки ўтган йили Озарбойжондаги концертни ҳам ортга суришга мажбур бўлганди.  

Ўзбекистонда «Жара» концертига қарши виртуал норозилик бошланди

Тошкентда «Жара» фестивали ўтказилиши ҳақида эълон қилингач, ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам концертни бойкот қилишга чақира бошлади. Айни дамда ижтимоий тармоқларда #StopKremlinPropaganda ва #StopRussianPropaganda ҳэштеглари оммалашмоқда. Фестивалнинг инстаграм саҳифасидаги постлар остида фаол норозилик билдирилмоқда.

Телеграмда ҳам блогерлар ва фаоллар бойкотга чақиряпти. Концертни бекор қилишга чорловда фаол иштирок этаётган Мирзаёр Эркинов Kun.uz билан суҳбатда урушни қўллаб келган қўшиқчиларни Ўзбекистонда кўришни хоҳламаслигини айтади.  

«Фестивал асосчиларидан бири – Россиянинг Украинадаги урушини турли тадбирларда қўллаб-қувватлаб келаётган Григорий Лепс ҳисобланади. Россиянинг турли ҳудудларида пропаганда концертларида, ўзининг турли чиқишларида ва ижтимоий тармоқларидаги постларида у бевосита бу истилочилик ҳаракатини ёқлаб келади. Ушбу концертда, шунингдек, бошқа пропагандачи хонандалар – Полина Гагарина, Сергей Лазерев, Дискотека Авария кабилар ҳам бор», – дейди у.