Украина эски совет МиГ-29 самолётларидан фойдаланмоқда. Бу самолётлар ресурси тугаганда улар қандай урушади? Фото: Getty Images

Ғарб қирувчи учоқлари ижтимоий тармоқлардаги Украина ҚКнинг бўлажак кенг миқёсли операцияларидан чўчиб турган россияпараст шарҳловчилар учун ҳам чинакам олабўжи бўлиб турибди.

Бироқ, Украина ва Ғарбда ҳам Россия авиациясидан чўчиш ҳисси бор.

Самолётлар кўпчилик учун урушнинг боришини «ҳал қилувчи восита», мўъжизавий қурол сифатида кўриниши мумкин. Бундай дейиш учун асослар ҳам бор. Янги тарихда самолётлар ҳал қилувчи ролни ўйнаган урушлар ҳам бўлган.

Масалан, 1991 йилнинг 27 февралида Америка авиацияси Кувайтдан чекинаётган Ироқ ҳарбий колонналарига зарба беради. Ўшанда юзлаб ҳарбий техникалар йўқ қилинган.

«Ўлим шоссеси» замонавий авиация куч-қудратининг тимсолига айланди. Суратда: Америка авиациясининг иши натижаслари. 1991 йил Фото: Getty Images

Сўнгра НАТОнинг Югославия ва Ливиядаги ҳаво кампаниялари, Россиянинг Суриядаги операцияси рўй берди — сўнгги ўн йилликлардаги урушлар ҳарбий авиация образини мустаҳкамлаб борди, у гарчи ҳар қандай можаронинг оқибатини ҳал қилмаса-да, ғалабани яқинлаштирувчи бўлиб туюла бошлади.

Россиянинг Украинага босқини бу образга кўланка ташлаган биринчи уруш бўлди.

Украинага Россиянинг кенг миқёсда босқин уюштирганидан бир йил ўтиб бу уруш томонларнинг ҳеч бири ҳаво операциясини режалаштириб, уюштира олмайдиган қарама-қаршиликка айланди. Россия ва Украина самолётлар ва вертолётлардан фронт чизиғига яқинлашмасдан, фақат узоқдан туриб тактик даражада қуруқликдаги қўшинларни қўллаб-қувватлашда фойдаланмоқда.

Украина ҳаво кучлари билан боғлиқ ҳолатда бу ҳарбий самолётлар, тажрибали учувчилар ва ер устидаги персонал етишмаслиги билан тушунтирилади. Лекин, ажабланарлиси, сон ва сифат жиҳатдан устунликка эга бўлган Россия ҳарбий космик кучлари ҳам тўлақонли ҳаво операцияси ўтказишга қодир бўлмаяпти, деб ёзади BBC.

Бунга сабаб уруш бошланганидан буён украин зенитчилари ер усти комплексларини фаол равишдан бир жойдан бошқасига кўчириб, радарларни ўчириб юрибди — уларни аниқлаш ва йўқ қилиш қийин бўлиши учун.