Ўтган ҳафта солиқ органлари фойда солиғидан авансни ноқонуний тарзда ҳисоблаб, тадбиркорлар ҳисобидан ортиқча маблағ ечиб олгани кескин эътирозларга сабаб бўлди. Натижада 5 нафар мулозим, хусусан Солиқ қўмитасининг департамент бошлиғи ва пойтахтнинг бош солиқчиси жазога тортилди, ортиқча ундирилган пуллар зудлик билан қайтарилиши айтилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов бу ҳолат “техник хатолик” натижасида юзага келганини айтди.
Солиқ қўмитаси 28 март куни 352та корхонага ортиқча ундирилган 27,1 млрд сўм солиқ қайтарилганини маълум қилди.
Бироқ “техник камчилик” туфайли юзага келгани айтилган ноқонуний солиқ ундириш тадбиркорларнинг солиққа оид бошқа оғриқларини ҳам қўзғади.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан кейин Kun.uz тадбиркорлардан уларни қандай масалалар қийнаётгани ҳақида сўради. Қуйида уларнинг фикрларини тақдим этамиз. Тадбиркорлар солиқчилар билан муаммо туғилмаслиги учун аноним қолишни афзал кўришди.
Солиқ органлари қарз сўради...
“Фирмамиз очилганига кўп бўлмаган. Биринчи иш бошлаганимизда термопринтерлар орқали ишладик, касса аппаратимиз йўқ эди. Жаримага тортилганимиздан кейин дарҳол интернетдан қидириб, “Arca Group”га мурожаат қилиб, 3,5 млн сўмга “Тинда” касса аппаратини сотиб олдик. Уларнинг ходими аппарат қандай ишлашини тушунтирди. “Ойига 100 минг сўмдан тўлаб турасизлар, ортиқча пул тўланмайди” деди. Биз ҳар бир харидни касса аппаратга уришни бошладик. Аммо 2023 йил март ойида касса аппаратини ишлатганимиз учун 66 млн сўм қарздорлик ёзилган. Қандай бундай бўлиши мумкин деб ўйладим. Аниқлашимизча, касса аппаратни сотишганда созламаларида нимадир нотўғри созланган. Бухгалтерим “олдинги фаолиятимда ҳам шундай бўлган, корректировка қилиб тўғрилаб бераман, аммо бунинг учун солиқ органи бизга доступ очиши керак” деди. Ўша куниёқ шахсий кабинет орқали хат жўнатдик, эртасига солиқ органига бордик.
Солиқ органлари ходимлари шундай дейишди: “Вазият оғир, солиқдан катта қарздорликлар бор. 66 млн сўмни тўлаб туринглар, сизларга олдиндан тўлов сифатида ёзилади. Ёки 4-5 ойда пулингизни қайтариб берамиз. Ҳозир ҳеч қанақасига сизларга доступ очиб бера олмаймиз, бу солиқдан кеча олмаймиз”.

















