Бу ҳақда миш-мишлар тобора кўпайиб бомоқда. Бу масала бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, февралда платформанинг блокланишини кўплаб юқори мартабали мулозимлар, куч ишлатарлар ва пропагандачилар ёқлаётгани хабар қилинган эди.

Россияда интернет блокланишини кузатаётган бир неча экспертлар YouTube’ни блоклай олишадими, модомики бу юз берса россияликлар нима қилишлари керак, деган саволларга жавоб беришди.

YouTube’ни блокласа бўладими?

YouTube’ни блоклаш осонгина, у ҳеч қаерга «қочиб кетолмайди» (яъни кўзгу сайтлар ярата олмайди). YouTube блоклашни айланиб ўтиш учун прокси доменлар яратмайди. Хитойда ҳам бундай амалиёт бўлмаган: Google у ерда охиригача курашган, бироқ 2008 йилда барибир блоклаб ташлашган.

«2022 йил 24 февралгача Роскомнадзор YouTube’ни блоклашни эплолмаслигини айтган бўлардим. Лекин ҳозир вазият бошқача. Ҳа, бир неча ўн миллионлаб одам ортиқ видео кўра олмаслигидан аччиқланади, лекин айни вазиятда ҳукумат уларнинг реакцияси ҳақида қайғуриб ҳам ўтирмайди», дейди «Эшер II» телеграм-канали муаллифи Филипп Кулин.

YouTube’ни блоклаш мумкин. Уни тўлалигича блоклаш ҳам шарт эмас, барча йирик алоқа операторларига уларда ўрнатилган Google ускунасини узиб қўйиш буюрилса бас.

«Бу ускуна Google Global Cache деб аталади. Унинг ишлаш принципи шундай: сиз ролик томоша қила бошлаганингизда унинг нусхаси умумий сервердан маҳаллий серверга кўчирилади. Видеони кўраётган кейинги одам энди алоқа операторида бўлган маҳаллий серверга мурожаат қилади. Google Global Cache улкан трафикни тежайди, чунки видео оғир контент. Ҳудудий операторлар бу технология трафикни ўнлаб мартагача иқтисод қилишга ёрдам беришини айтишган», — дейди Интернетни ҳимоялаш жамияти директори, «За Телеком» телеграм-канали муаллифи Михаил Климарёв.

Мутахассисга кўра, агар ўша локал сервер узиб қўйилса, барча магистрал каналлар YouTube трафиги билан тиқилиб қолади ва бу ҳол YouTube сайти тўла қулашига олиб келади. Ҳозиргача бундай блоклаш амалга ошмаган ва унинг оқибатлари қандай бўлишини ҳам ҳеч ким билмайди.