GRANDPHARM” умумтаълим мактабларида кимё ва биологияга ихтисослашган интерфаол таълимни йўлга қўймоқда.

Фармацевтика йўналишида ўқишни ва изланишни истаган мактаб ўқувчилари эндиликда кимё ва биология фанларидан чуқурлаштирилган таълим олишади. “GRANDPHARM” масъулияти чекланган жамияти томонидан йўлга қўйилаётган янги лойиҳада шу мақсад кўзда тутилган.

 

Лойиҳа доирасида танланган мактабларда амалий кимё ва биология лабораториялари ташкил этилиб, уларда интерфаол таълим йўлга қўйилади. Ушбу умумтаълим муассасалари учун алоҳида амалий кимё дастури ишлаб чиқилади. Шу муносабат билан “GRANDPHARM” МЧЖ, Тошкент фармацевтика институти, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ҳамда “BILIM ONLAYN” нодавлат нотижорат муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйди – улар ўртасида меморандум имзоланди.

GRANDPHARM компанияси республикамизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш учун салоҳиятли кадрларни етиштириш мақсадида иқтидорли ёшларни мактаб таълимидан бошлаб соҳага йўналтиришни режалаштирмоқда.

Меморандумга кўра, умумий ўрта таълим мактабларида “Khan Academy O‘zbek” электрон платформаси контентларидан фойдаланган ҳолда кимё фанидан амалий лаборатория машғулотлари ташкил этилади.

Электрон таълим ресурслари умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг мустақил билим олишига кўмаклашса, синфхонада ташкил этилувчи амалий лаборатория машғулотлари мактаб ўқувчилари билим-кўникмаларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлайди.