Жаҳон | 12:53 / 11.04.2023
7811
2 дақиқада ўқилади

АҚШ махфий маълумотлар сизиб чиққанидан кейин иттифоқчиларини тинчлантиришга уриняпти - ОАВ

Апрель ойи бошида интернетда АҚШ махсус идораларининг Исроил, Жанубий Корея ва Украинадаги фаолияти ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди. Politico нашрининг ёзишича, Вашингтон иттифоқчиларни тинчлантиришга ҳаракат қилмоқда. 

Фото: AP

АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари Америка махсус идораларининг махфий маълумотлари сизиб чиққанидан сўнг Европадан тортиб Яқин Шарққача «ҳафсаласи пир бўлган ва саросимага тушган» иттифоқчиларини тинчлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда 10 апрель, душанба куни Politico нашри манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ Давлат департаменти ходимлари ҳам, разведка ва Пентагон вакиллари ҳам маълумотлар сизиб чиқиши ҳақидаги эҳтимолий қўрқувни йўқ қилишга уринмоқда. Politico суҳбатдошларидан бири АҚШ, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Буюк Британиянинг разведка альянси бўлган «Беш кўз» вакиллари Вашингтондан ушбу мавзу бўйича брифинг ўтказишни сўрашганини айтди, «лекин улар ҳали мазмунли жавоб олмаган».

«Беш кўз»дан ташқари, АҚШ томонига Лондон, Брюссел, Берлин, Дубай ва Киевда ҳам маълумотлар сизиб чиқиши сабаблари ҳақида саволлар берилмоқда, деб ёзади Politico. 10 апрель ҳолатига кўра, президент Жо Байден маъмурияти иттифоқчиларга маълумотлар сизиб чиқиш даражаси ҳалигача номаълумлиги ва тергов давом этаётганини айтган. 

Интернетда эълон қилинган ҳужжатларнинг аксарияти Украинадаги можарога тегишли эканлиги алоҳида ташвиш уйғотади, деб ёзади Politico. Америка разведкаси собиқ таҳлилчисининг таъкидлашича, сизиб чиқиш усули ва унинг мазмуни жуда ғайриоддий. «Ижтимоий тармоқларда қачонлардир жуда кўп ишончли маълумотлар пайдо бўлганини эслай олмайман», деди у. 

Мавзуга оид