Жаҳон | 14:45 / 11.04.2023
10124
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украина қарши ҳужуми «камтарона ҳудудий ютуқларга» олиб келишини прогноз қилди

АҚШ разведкаси фикрича, Украинанинг қарши ҳужуми оддийгина ҳудудий ютуқларга олиб келади. Бу Украина қўшинларининг концентрацияси билан муаммолар ва жиҳозларнинг етишмаслигига боғлиқ.

Фото: AFP

АҚШ разведкаси Украина қўшинлари концентрацияси, ўқ-дорилар ва жиҳозлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар Киевнинг режалаштирилган қарши ҳужуми ҳақидаги тахминларга мос келмайди, деб ҳисоблайди ва афтидан, босиб олинган ҳудудларнинг фақат кичик бир қисмини Россиядан қайтариб олишга имкон беради, деб ёзади The Washington Post (WP) газетаси 10 апрель, душанба куни интернетдаги манбалар ва махфий ҳужжатларга асосланиб.

Нашр февраль ойига бориб тақаладиган «ўта махфий» ҳужжатларга иқтибос келтирган бўлиб, унда Украина ҳужуми «камтарона ҳудудий ютуқларга» олиб келиши мумкинлиги айтилади. Киев Украина шарқидаги ҳудудларни қайтариб олишни ва Россия армиясини аннексия қилинган Қримдан узиб қўйиш учун жанубда олға силжишни режалаштирмоқда, бироқ «кучли Россия мудофааси, украиналик аскарларнинг етарлича таъминланмагани ва тайёр эмаслиги олдинга силжишни тўхтатиб қўйиши, йўқотишларни кучайтириши мумкин», деб ҳисоблайди АҚШ разведкаси.

АҚШ расмийларининг WP нашрига айтишича, бу каби прогнозлар Миллий разведка кенгашининг ҳисоб-китобларига ҳам асосланган. Уларга кўра, Украина Харкив ва Херсон вилоятларидаги кузги ҳужумдагидек кўп ҳудудни қайтариб олиши даргумон.

Ўз навбатида, Украина юқори мартабали амалдорлари WP нашрига берган интервьюсида Америка разведкасининг хулосаларини рад этмади, аммо ҳужум натижаларига Ғарб қуролларини етказиб беришдаги кечикишлар кўпроқ таъсир қилади, деган фикрни билдирди. Шу билан бирга, газета суҳбатдошларидан бири таъкидлашича, «махфий маълумотлар»нинг сизиб чиқиши қарши ҳужумга халақит бермайди, чунки бу ҳақда олдин ҳам кўп нарса маълум эди ва қўмондонлик аниқ режани ҳатто операция бошланишидан бир ҳафта олдин ўзгартириши мумкин.

Мавзуга оид