Жаҳон | 13:30 / 14.04.2023
5174
2 дақиқада ўқилади

Трамп молиявий фирибгарлик иши бўйича сўроқ қилинди

Бу Америка давлати собиқ раҳбарининг иккинчи марта сўроқ қилинишидир. Доналд Трамп 250 миллион доллар миқдоридаги молиявий фирибгарликда айбланмоқда.

Фото: AP

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп 13 апрель, пайшанба куни Нью-Йоркда ўзига қўйилган айбловлардан бири бўйича яна сўроқ қилинди. У 250 миллион доллар миқдоридаги молиявий фирибгарликда айбланмоқда.

Нью-Йорк бош прокурори Летиша Жеймс Трамп ва унинг уч нафар фарзандини даромадли кредитлар ва солиқ имтиёзларини олиш учун ўнлаб йиллар давомида ўз мулклари ҳақидаги маълумотни яшириб келганликда айблади.

2024 йилги президентлик сайловларида Республикачилар партияси номзоди мақоми учун курашаётган АҚШ собиқ президенти эрталаб соат 10 да сўроққа келди ва фақат кечки соат 18 дан кейин Бош прокуратурани тарк этди. Сўроқ ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Reuters агентлигининг масаладан хабардор манбасига кўра, Трамп ўзининг бизнес амалиёти ҳақидаги саволларга жавоб берган. Август ойида сўроқ пайтида Трамп ўзига қарши гувоҳлик бермаслик бўйича конституциявий ҳуқуқини айтиб, саволларга 400 мартадан ортиқ жавоб беришдан бош тортган. 

Молиявий фирибгарлик бўйича суд жараёни 2 октябрда бошланади. Трамп адвокатларидан бири Алина Хаббанинг айтишича, собиқ президент гувоҳлик беришга қарор қилган ва яширадиган ҳеч нарсаси йўқлигини қатъият билан таъкидлашда давом этмоқда. 

Янги сўроқ муносабати билан Трамп ижтимоий тармоқларда «ниҳоят қандай ажойиб, фойдали ва қимматли корхона қурганимни кўрсатиш имкониятига эга бўламан», деб ёзди. 

Мавзуга оид