Жорий йилги қабулдан бошлаб мактаб битирувчиларининг охирги 6 йилликдаги баҳоларининг ўртача кўрсаткичи кириш имтиҳонларида тўплаган баллига қўшилади. Яъни битирувчининг мактабдаги баҳоси унга ўқишга киришда ёрдам беради.

Тартиб қанақа?

Тегишли низомга кўра, битирувчилар баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда 6 — 11-синфлардаги йиллик баҳоларнинг умумий йиғиндиси ҳар бир синфдаги ўқитилган фанлар сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.

Яъни аълочи битирувчи 86 фоиздан юқори тўплаган бўлса, унга кириш имтиҳонларида 5 балл, қониқарсиз баҳоларга ўқиган абитуриентга эса 3 балл қўшилади. Уларнинг баллари ўртасидаги фарқ катта эмас.

Ҳар йили 15 июнгача таркибида таълим муассасалари бор вазирлик ва ташкилотлар битирувчиларининг 6 йиллик баҳоларини тайёрлаб, уни “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига киритиб боришади. Платформага киритиб бўлинган баҳолар қатъий ва уларни ўзгартириб бўлмайди. 

Мактаб ва ўрта махсус таълим ташкилотлари (коллеж, лицей) 15 июнгача ўз битирувчиларининг баҳоларини ҳисоблаб, уни электрон платформага киритишади. Тегишли низомда баҳолар қандай ҳисобланиши формулалари ҳам мавжуд.

Киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тааллуқлилиги бўйича таълимни бошқарувчи ҳудудий бошқарма бошлиқлари шахсан масъул ҳисобланади.

Абитуриент мажбурияти

Абитуриент ОТМга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтаётган пайти шахсий маълумотларини киритганда унинг дипломи ёки шаҳодатномасидаги ўртача баҳолар кўрсаткичи пайдо бўлади.

Абитуриент бу баҳони ўзининг қўлидаги диплом ёки шаҳодатномадаги баҳо билан солиштириб, ҳаммаси тўғри бўлса, тасдиқлаш тугмасини босади. То тасдиқ тугмаси босилмагунча унга имтиҳонда қатнашиш учун рухсатнома берилмайди.

Баҳода хатолик бўлса-чи?

Агар абитуриентнинг ҳужжат топшираётганда платформада тасдиқлаши керак бўлган ўртача баҳоси билан диплом ё шаҳодатномасидаги баҳо фарқ қилса, у ўзига тегишли ҳудудий бошқармага (масалан, мактабда ўқиса, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармасига, ўрта махсус таълим ташкилотида бўлса, айни шунга алоқадор бошқармага) мурожаат қилади. Ҳудудий бошқармалар баҳони тўғрилайди ва абитуриент уни тасдиқлайди. Абитуриент тасдиқлагач, унинг ўзи баҳоси учун жавобгар бўлади.