Жаҳон | 09:04 / 15.04.2023
5218
2 дақиқада ўқилади

Путин электрон чақирув қоғози тўғрисидаги қонунни имзолади

Ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахсларнинг ягона реестрини яратиш ва электрон чақирув қоғозини жорий этиш тўғрисидаги қонун Россия президенти томонидан имзоланди.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахсларнинг ягона реестрини яратиш ва электрон чақирув қоғозларини жорий этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат 14 апрель, жума куни ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинди.

Реестр давлат ахборот ресурси маълумотлари асосида ҳарбий комиссарликлар томонидан шакллантирилади.

Ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлган шахсларга чақирув қоғози олинганлиги тўғрисида тилхат билан ёзма равишда ёки буюртма хати орқали юборилиши мумкин. Электрон чақирув қоғози давлат хизматлари сайтининг шахсий кабинетига жойлаштирилган пайтдан бошлаб топширилган ҳисобланади.

Агар чақирув қоғози ёзма ёки электрон шаклда топширилмаган бўлса, у реестрга киритилган кундан бошлаб етти кун ўтгач топширилган ҳисобланади.

Чақирув қоғози олинган кундан бошлаб 20 кун ичида ҳарбий комиссарликка келмаганларга чекловлар қўйилади. Шу тариқа, уларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, транспорт воситалари ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи рад этилиши, кредит бериш эса тақиқланиши мумкин.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлганлар чақирув қоғозини олган кундан бошлаб, ҳарбий комиссарликка келгунига қадар Россиядан чиқиб кета олмайди.

Мавзуга оид