Жаҳон | 08:55 / 24.04.2023
6808
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Судандаги элчихонасини эвакуация қилди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, АҚШнинг Судандаги элчихонаси барча ходимлари эвакуация қилинган. АҚШ президенти Жо Байден Судандаги қарама-қарши томонларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Фото: AFP

АҚШ Судандан Америка элчихонаси ходимлари ва уларнинг оилаларини эвакуация қилди. Бу ҳақда 23 апрел, якшанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди. Мамлакатнинг энг йирик ҳарбийлаштирилган гуруҳи – Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) вакилларининг сўзларига кўра, америкалик дипломатлар ва уларнинг яқинлари АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг олтита самолёти билан мамлакатдан олиб чиқиб кетилган.

Бир кун аввал мунтазам армия бош қўмондони ва Суданнинг амалдаги ҳукмдори Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон дипломатик вакиллар ва бошқа хорижий фуқароларни эвакуация қилишга рози бўлди. Мунтазам армияга қарши курашаётган RSF хавфсизлик кучлари, ўз навбатида, чет элликларга Суданни тарк этиш имкониятини бериш учун ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини тасдиқлади. Шунга қарамай, вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича олдинги келишувлар доимий равишда бузилиб келинди.

Судандаги қуролли тўқнашув туфайли кўплаб давлатлар ўз фуқароларини у ердан олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Эвакуацияга Хартум аэропорти атрофидаги шиддатли жанглар тўсқинлик қилмоқда, у ҳам уруш майдонига айланган.

22 апрел куни Саудия Арабистони 157 киши - ҳам ўз фуқаролари, ҳам хорижликларни олиб чиқиб кетганини тасдиқлади. Иордания 300 кишини эвакуация қилиш бошланганини билдирди.

Мавзуга оид