Republic онлайн нашри бош муҳаррири Фарида Курбангалеева Россияда «армия тўғрисидаги фейклар» тарқатганликда айбланиб 8,5 йилга қамалган мухолифатчи сиёсатчи Иля Яшин билан интервью уюштирди.

Журналист маҳбусга саволларни жўнатиб, уларга ёзма жавоб олган. Иля Яшин тутқунликда нималарни кўргани ва мушоҳада қилгани, мухолифат ичидаги зиддиятлар, Россия келажагини қандай кўраётганини баён қилган.

Иля Яшин суд мажлисларидан бирида. Фото: Sergey Petrov / news.ru via globallookpress.com

«Айрим маҳбуслар кичикроқ муддат айни пайтда сафарбарликдан қутулиб қолиб, хавфли даврларни панада ўтказиш имконияти дейишмоқда»

— Ҳибсга олинишингиздан бироз аввал панжара ортига тушишни истамаётганингиз, лекин мамлакатни тарк этишни ҳам хоҳламаётингизни айтган эдингиз. Ҳозир, панжара ортига тушганингиздан сўнг танловингиз борасида афсус чекяпсизми?

— Очиғини айтганда, менда ҳеч қандай танлов йўқ эди. Тўғри, ҳибсга олинишим арафасида жонимни қутқариб қолиш, мамлакатдан қочиш тўғрисида маслаҳатларни эшитиб, бироз талвасага ҳам тушдим. Лекин эмиграция имкониятига ҳеч қачон жиддий қарамаганман. Шунчаки ўзимни хорижда тасаввур эта олмасдим, шунга ичимда қочишга нисбатан ғалаён пайдо бўлди. Агар мен ўзимни ватанимдан жудо қилсам чидай олмасдим, мен бахтсиз ва йўқолган инсонга айланардим.

Йўқ, ҳеч нарсадан афсус қилмайман. Ниманики тўғри деб ҳисоблаган бўлсам, шундай қилдим. Виждоним тоза, ўзлигим билан уйғунман. Биламан, олдимда ҳали мени кўп синовлар кутиб турибди. Мени этап қилиб, колонияга жўнатишади, у ердаги шарт-шароитлар янада қатъий. Лекин мен буларнинг барчасини ўзлигимни ва қадр-қийматимни сақлаб қолиш учун йўл ўлароқ қабул қиламан. Мен биринчиси эмасман. Таассуфки, охиргиси ҳам.

— Қамоқда энг оғир ва энг даҳшатли нарса нима?

— Қамоқхонадаги оғир ва юракни қақшатадиган муҳит бор, у сенинг жонингни суғуриб олишга ҳаракат қилади. Кўп инсонларнинг кўзлари сўниб қолган, улар тезда қариб қолишади. Афтидан, 70 ёшли чолдек кўринади, лекин суриштирсанг бу «чол» яқинда 50 ёшлик юбилейини нишонлаган бўлади. Шунчаки, 4 йилдан буён ўтиравериб сўниб бўлган бўлади.