18:48 / 26.04.2023
22013

Эрдўған соғлиғи ёмонлашгани туфайли жонли суҳбатни тўхтатди 

У ошқозон гриппи билан хасталанганини айтди. 

Фото: gazetevatan.com

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған жонли эфирда Kanal 7 ва Ulker телеканаллари журналистларининг 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови билан боғлиқ саволларига жавоб бераркан, ўзини ёмон ҳис қилди. Эфир бошланганидан бир неча дақиқа ўтгач, эшиттириш 20 дақиқага тўхтатилди, деб ёзди Hürriyet.

Эрдўғанга савол берган бошловчи бирдан «реклама» деб ўрнидан турмоқчи бўлди. Эфир тўхтатилишидан бир неча сония олдин «Эй, воҳ!» деган овоз эшитилди ва камералар Эрдўғанни кўрсатмасдан реклама ролиги бошланиб кетди. 

Эфир қайта тикланганидан кейин президент журналистларга «қорни қаттиқ шамоллагани»ни айтди. 

«Аввало, сизга сиҳат-саломатлик тилайман. Кеча ва бугун сайловолди ишлари қизғин кечди. Шу сабабли ошқозон гриппига дучор бўлдим. Мен ҳатто дастурни бекор қилиш ҳақида ўйладим. Лекин биз ваъда бердик ва келдик. Биз ҳам вақти-вақти билан шундай муаммоларга дуч келамиз, сиз ва томошабинлардан узр сўрайман», деди Эрдўған. 

Эфир давом эттирилганидан сўнг журналистлар президентга биттадан савол беришди, шундан сўнг кўрсатув тугади. 

Кейинроқ Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай ижтимоий тармоқда «Тун-кун халққа хизмат қилган Эрдўғаннинг соғлиғи, Аллоҳга шукр, жуда яхши», деб ишонтирди. Президент матбуот котиби Иброҳим Қалин «Президентнинг соғлиги яхши» деб қўшимча қилди. Мухолифат партиялари вакиллари ҳам Эрдўғаннинг тезроқ соғайиб кетишини тилади. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Эрдўғанда миокард инфаркти қайд этилган. Унинг жамоаси президентнинг барча сайловолди чиқишлари ва оммавий тадбирларини 3 майга қадар бекор қилган.

Туркияда президентлик сайловлари 14 май куни бўлиб ўтади. Мамлакат аҳолиси нафақат давлат раҳбарини, балки 600 нафар парламент аъзосини ҳам сайлайди. Амалдаги президент Эрдўғаннинг асосий рақиби – «Республика иттифоқи» ва мухолифатдаги «Халқ иттифоқи» партиясидан ягона номзод Камол Қиличдорўғли.

Мавзу
Туркия-2023
14 май куни Туркияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Асосий кураш мамлакатни 20 йилдан буён бошқариб келаётган Ражаб Эрдўған ва мухолифатчилар номзоди Камол Қиличдорўғли ўртасида кечади.
Барчаси
Top