Тошкентни сотиш ҳақидаги эълон муаллифи мактаб ўқувчиси экани маълум бўлди
Тошкент шаҳрини 250 млрд долларга сотиш ҳақида OLX'га эълон жойлаштирган шахс пойтахтдаги мактаблардан бирининг 15 ёшдаги ўқувчиси экани аниқланган. У ҳазил сифатида, одамларга яхши кайфият улашиш учун шундай қилганини айтди. ИИВ Киберхавфсизлик маркази эса боланинг ҳаракатларини “ватанни пуллаш” деб баҳолади.
7 апрель куни OLX платформасига Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри учун 250 млрд доллар нарх белгиланган эълон жойлаштирилган ва бу муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Эълон муаллифи пойтахтга таъриф бераркан, сифатсиз бошқарув сабабли уни сотмоқчи эканини таъкидлаган. У савдога оид барча тафсилотлар ўзаро учрашувда муҳокама қилиниши, ўзи белгилаган нарх – 250 млрд доллардан бироз ўтиб бериши мумкинлигини ёзган.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази эълон муаллифи аниқланганини маълум қилди. Бу Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, пойтахтдаги мактаблардан бирининг намунали ўқувчиси экани ойдинлашган.
“Ижтимоий тармоқларда бошқа давлатда чиққан шунга ўхшаш ҳазиломуз эълонни кўргандим. Ўшани Ўзбекистонга, Тошкентга мослаштириб, ҳазил қилиб бу ерга жойлаганман. Мен бу эълон тарқалиб кетиши ва муҳокамаларга сабаб бўлишини ўйлаганим йўқ. Фақат яхши кайфият улашиш учун бу ишни қилганман. Ҳозир қилган ишимдан афсусдаман”, дейди 8-синфда таҳсил оладиган ўсмир.
Йигитнинг ота-онаси ҳам, ўқитувчилари ҳам унинг хулқ-атворига ижобий тавсиф беришган. Таъкидланишича, у мактабнинг аълочи ўқувчиларидан бири, жамоат ишларида фаол.
“Компаниямиз мутахассислари томонидан платформамизга қўйиладиган ҳар бир эълон текширилиб назоратдан ўтказилади. Ушбу ҳолатдаги эълон ҳам платформада бир неча дақиқа ичида блокланган. Шунинг учун фойдаланувчиларимиздан эълон жойлашда тўғри маълумотлар беришларини, ҳаққоний телефон рақамларни қолдиришларини сўраб қоламиз”, деган OLX.uz бош директори Дониёрбек Турғунов.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази ўсмирнинг хатти-ҳаракатини “ватанни пуллаш” деб атаган.
“IT технологиялар ривожланмоқда. Ёшлар компютер ва интернет тармоқларидан фойдаланиш борасида ота-оналаридан ўзиб кетишди. Бироқ бу ютуқлар эзгуликка, ватанни пуллаш эмас, унинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишга хизмат қилса, яратилаётган шароитларга муносиб жавоб берган бўламиз. Фарзандларингизнинг тарбиясига эътиборли бўлинг. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ Самарқанд вилоятида яшовчи 10-синф ўқувчиси “PUBG Mobile” ўйини аккаунтини тошкентлик 14 ёшли ўқувчига 7 минг долларга сотишга келишиб, унинг отасига тегишли картадаги 61 млн сўм пулни ўзлаштириб олгани аниқланганди.
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:32
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024