Ҳар қандай уруш учун бутун бир сабаблар мажмуасини топиш мумкин — «объектив» иқтисодий асослардан тортиб, инсон омили билан боғлиқ «субъектив» важларгача. Масалан, Путин урушларининг 2014 йилдан бошлаб «объектив» сабабларига Кремлда яшовчилар газ ва нефт ҳайдовчи иккита қувур устида ўтиришга асосланган мамлакатнинг жўн иқтисодий модели ўзини тугатиб бўлгани, ташқи экспансиядан бошқа ғоя қолмаганини англаб етишгани киради. «Субъектив» сабабларда эса қизиқ бир қонуният кўзга ташланади, деб ёзади журналист, тарихчи, сиёсат фанлари номзоди Александр Желенин.

Украина саноати қаттиқ боғланиб қолган Россия гази нархини «Газпром» томонидан истаган пайт хоҳлаганча ошириш ҳисобига Украинадан неомустамлакачилик йўлида фойдаланишга нуқта қўйган «майдан» инқилоби ғалабаси Путиннинг 2014 йилда Қрим ва Донбассга ҳужум бошлаши учун сўнгги томчи бўлганди. Гарчи бу ҳужумда бир вақтнинг ўзида жуда катта субъектив таркибий қисм бўлган эса-да.

Путин Россия инқилоблар лимитини ўтаб бўлди деб кўп вақтдан буён такрорлаб келарди, кутилмаганда унинг бурнининг остгинасида ғалабали халқ инқилоби рўй беради ва у тахтга ўтқазган Януковични ағдаради. Россиянинг шуҳратпараст ва иззатталаб ҳукмдори Путин нафақат ўзи рус халқи билан «битта халқ» деб ҳисобловчи украинларга, Украина тажрибасини амалга оширишга уринмаслиги учун Россиядаги русларга ҳам сабоқ бериб қўйиши керак эди.

Содир бўлаётган урушнинг кўп субъектив сабаблари қаторига Путиннинг машҳурликдан, демакки, ҳокимиятдан мосуво бўлишдан чўчишини ҳам киритиш мумкин. Бу ҳам уруш бошлаш учун етарли сабаблардан бири.

«Левада-центр» томонидан чорак асрдан буён мониторинг қилиб келинаётган, Владимир Путиннинг президент ва бош вазир лавозимларида қўллаб-қувватлаш рейтингини ўрганиш асносида қизиқ детал юзага чиққан.

Барча «ғалабали кичик уруш»ларидан аввал Путиннинг халқ қўллови борасидаги рейтинги паст даражада бўлган. Уруш бошлангач, кескин кўтарилган.

Масалан, 1999 йил августида Путин бош вазир лавозимида ишлаб турганида унинг бу лавозимдаги фаолиятини россияликларнинг 33 фоизи маъқуллаган, 31 фоизи маъқулламаган. Орадан бир ой ўтиб, Иккинчи Чеченистон уруши бошлангач, маъқуллаш рейтинги қарийб икки баробарга ошган — 65 фоизга етган. Маъқулламаганлар сони эса 21 фоизгача камайган.

Путинни маъқуллаш рейтинги билан ўхшаш ҳолат 2008 йилда — у яна бош вазир бўлиб ишлаб турган паллада содир бўлган. 2008 йил июлида Гуржистон билан «беш кунлик уруш» чоғида унинг бош вазир лавозимидаги ишини 80 фоиз киши маъқуллаб турган, уруш тугагач, сентябр ойида Путинни қўллаш рейтинги 88 фоизгача кўтарилган. Нисбатан кичик ўсишни ўша пайтда «ғалабали кичик уруш» учун асосий мукофотни президентлик курсисида ўтирган Дмитрий Медведев ўзига тортиб кетгани билан тушунтириш мумкин.