Жаҳон | 12:14 / 29.04.2023
6749
2 дақиқада ўқилади

Брюссел: Россиянинг тинч аҳолига ҳужуми – ҳарбий жиноят

Украина шаҳарларига тунги ракета ҳужумидан сўнг Европа комиссияси қўмондонлар, ижрочилар ва шериклар Россиянинг ҳарбий жиноятлари учун жавобгарликка тортилишига ишонтирди.

Фото: Reuters

28 апрел, жума куни Еврокомиссия матбуот котиби Питер Станонинг айтишича, Россиянинг тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужуми ҳарбий жиноят ҳисобланади. "Командирлар, ижрочилар ва шериклар жазосиз қолмайди. Ҳамма жавобгарликка тортилади", деди Стано Брюсселдаги брифингда.

У 28 апрелга ўтар кечаси Россиянинг Украинага берган авиазарбаларини шундай изоҳлади: “Улар яна қўрқоқларча ухлаб ётган тинч аҳолига ҳужум қилиб, жиддий зарар етказишди, бир неча кишини, жумладан, болаларни ўлдирди ва ярадор қилди”.

Россия ҳаракатларининг "ваҳшиёна ва ғайриинсоний табиати"ни кўрсатиш учун Европа Комиссияси ва Европа Иттифоқи ташқи ишлар хизмати вакили журналистларга бомба парчасини кўрсатди: "Бу 500 килограмм келувчи бомба парчаси - Украинадаги фуқаролик объектларига ташланаётганларидан бири. Уни болалар мактаб вайроналаридан топишди. Болалар парчаларни йиғяпти ва шундай жевакча қилишяпти, бу Россия Украинада уюштирган ҳар бир портлашдан кейин нима қолганлигини кўрсатиш учун амалга ошириляпти".

28 апрел куни соат 04:00 лар атрофида Россиянинг Ту-95 стратегик авиацияси самолётлари Каспий денгизи ҳудудидан Украина бўйлаб 23 та Х-101/Х-555 қанотли ракеталарини учирди, деб хабар қилди Украина Қуролли кучлари Бош штаби. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари улардан 21 нафарини уриб туширди.

Мавзуга оид