Ўзбекистон | 16:15 / 29.04.2023
8137
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қизамиқ билан боғлиқ эпидемик вазият барқарор ва тўлиқ назорат остида — Санэпидқўм

2023 йил бошидан бери Ўзбекистонда 37 нафар беморда қизамиқ касаллиги аниқланган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қизамиққа қарши зарур профилактик чоралар кўрилаётгани, эпидемик вазият барқарор ва тўлиқ назоратга олинганини маълум қилди.

Фото: Getty Images

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда қизамиқ билан касалланганлар сони ортаётганлиги тўғрисидаги хабар тарқалгач, ҳолат бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси расмий муносабат билдирди.

Қўмитага кўра, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида олиб борилган эпидемиологик суриштирувлар натижасида Ўзбекистонда 37 нафар беморда қизамиқ касаллиги тасдиқланган.

Таъкидланишича, қизамиқ касаллиги бўйича мураккаб эпидемик вазиятнинг олдини олиш мақсадида, республикада 2022 йилнинг 16 ноябр – 30 декабр кунлари 6 ойликдан – 5 ёшгача бўлган болаларни қизамиқ-қизилчага қарши оммавий эмлашлар ўтказилган. Режадаги 3 355 900 нафар болаларнинг 3 303 582 нафари ёки 98,4 фоизи эмлаш билан қамраб олинган ва ҳозирда ҳам эмлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳозирда республикамизда касалликка қарши барча зарур профилактик чоралар кўрилмоқда, эпидемик вазият барқарор ва тўлиқ назоратга олинган”, – дейилади қўмита хабарида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қизамиқ ва қизилча касаллиги бўйича дунёнинг 150дан ортиқ мамлакатида мураккаб эпидемиологик вазият сақланаётганини қайд этган. Маълумот учун, 2022 йилда дунё бўйича 155 минг ҳолатда қизамиқ касаллиги рўйхатга олинган.

Мавзуга оид