Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Германия – ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Тадбир Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига бўлажак расмий ташрифига бағишланди.

Иштирокчилар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг сўнгги йилларда эришилган натижалари ва икки томонлама муносабатларнинг кейинги истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Халқаро анжуманда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Германия Ўзбекистоннинг асосий ва вақт синовидан ўтган, ишончли ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.

“Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо ва инвестиция ҳамкорлари қаторига киради. 30 йил ичида биринчи марта Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистонда немис бизнесининг улуши ўсиб боряпти, шунга мос равишда ўзлаштирилган немис инвестициялари ҳажми икки баравар - 700 миллион доллардан 1,5 миллиард долларгача кўпайган.

Германия барча ҳамкорларимиз орасида Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш учун зарур бўлган замонавий машина ва ускуналарнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади.

Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва унинг иқтисодиётини диверсификациялашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда” – деди Элдор Арипов

Тадбирда Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тило Клиннер ҳам иштирок этди. У тадбир доирасида Германия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг фундаментал масалаларини муҳокама қилиш имкони яратилганидан мамнунлигини билдирди.

“Бугун дунё кўп жиҳатдан ўзгарди, бизда янги масалалар бор. Хусусан, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан келиб чиққан геостратегик муаммолар мавжуд. Бундан ташқари иқлим ўзгариши каби узоқ муддатли муаммолар ҳам бор.