Европа Иттифоқи кенгаши 28 апрел, жума куни Молдовани беқарорлаштириш ҳаракатлари учун янги санкциялар режимини маъқуллади. У Молдова суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан чеклов чораларини қўллаш имконини беради. Брюссел бундай хатти-ҳаракатларга мисол сифатида демократик сиёсий жараёнга, жумладан, сайловлар ўтказишга тўсқинлик қилишга ёки конституциявий тузумни ағдаришга уринишларни, шу жумладан зўравонликларни келтирди.

Санкциялар активларни музлатишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, жазо чораларига тушиб қолганларнинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланади.

Молдовани беқарорлаштиришга уринишлар Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери сезиларли даражада тезлашди ва Европа Иттифоқининг ташқи чегараларида барқарорлик ва хавфсизликка бевосита таҳдид солмоқда, дейилади Европа Иттифоқи кенгашида. Янги санкциялар режими Брюсселдан Кишинёвни қўллаб-қувватлашнинг муҳим сиёсий сигналидир, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.