Ўзбекистон | 10:14 / 01.05.2023
6888
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбий шифокорлар Ҳиндистонда амалиёт ўтайди

27-28 апрель кунлари Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Сафар давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа вазирликлари раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилди. Мезбон мамлакат мудофаа вазири Ражнат Сингх ҳарбий соҳадаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолаб, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплигини қайд этди.

Мулоқот чоғида турли лойиҳаларни биргаликда ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, Термиз ҳарбий шифохонаси фаолиятини ривожлантириш, Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясида компьютер-лаборатория синфини жиҳозлаш ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистонлик ҳарбий шифокорлар учун Ҳиндистоннинг тегишли тиббиёт муассасаларида қисқа муддатли амалиётлар ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ахборот-коммуникация технологиялари, киберхавфсизлик ва бошқа йўналишларда ўқув курслари ташкил этиш истиқболларига эътибор қаратилди.

Томонлар ўзаро манфаатли бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Мавзуга оид