Жаҳон | 09:16 / 03.05.2023
8683
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон АҚШ билан ҳамкорлик режасини ишлаб чиқмоқда

Туркманистон делегацияларининг АҚШ ва Германияга ташрифларидан сўнг, Ашхободда икки давлат билан ҳамкорликни, жумладан, хавфсизлик, иқтисодиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ривожлантириш зарурлиги эълон қилинди.

Фото: Business Turmenistan

Туркманистон ҳукумати жорий ва келгуси йиллар учун АҚШ билан ҳамкорлик режасини ишлаб чиқади, у, жумладан, икки давлат вакилларининг ташрифларини ўз ичига олади. Бу таклифлар ҳукумат йиғилишида Туркманистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов томонидан берилди, у 23—24 апрел кунлари Вашингтонга ташрифи ҳақида ҳисобот тақдим этди, деб ёзади 2 май, сешанба куни “Нейтрал Туркманистон” газетаси.

Мередовнинг айтишича, Вашингтондаги музокараларда хавфсизлик масалалари билан бир қаторда иқтисодиёт, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва илм-фан соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинган. “Президент Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон ва АҚШ ўртасидаги шерикликни кенгайтириш мақсадида 2023-2024-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитасини яратиш, шунингдек, Туркманистон ва АҚШ ўртасида турли даражадаги ташрифларни ташкил этиш бўйича режа тайёрлаш таклифларини киритди”, — дейилади нашр хабарида.

Ўз навбатида, мамлакат президенти “сўнгги йилларда янги мазмун касб этган” АҚШ билан мулоқотнинг дўстона характерини қайд этди. У Туркманистоннинг ташқи сиёсати “тинчликпарварлик, ижобий бетарафлик ва конструктив халқаро ҳамкорлик” тамойилларига асосланишини, мамлакат “барча манфаатдор хорижий шериклар билан самарали ҳамкорлик қилиш учун доим очиқлигини” таъкидлади ва ТИВ раҳбарининг таклифларини маъқуллади.

Бундан ташқари, нашр Туркманистон ташқи ишлар вазирининг 25—28 апрел кунлари Германияга ташрифи, унинг доирасида, жумладан, қатор компаниялар вакиллари билан учрашгани ҳақида хабар берди. Шу муносабат билан Ашхободда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида “технология, инновациялар, сармоя, рақамли технологиялар ва яшил иқтисодиёт каби соҳаларда алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги” қайд этилди. Бердимуҳамедов “Туркманистон-Германия ҳамкорлигини узоқ муддатли, тизимли асосда янада ривожлантириш бўйича бир қатор аниқ кўрсатмалар берди”, — дейилади хабарда.

Мавзуга оид