Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 1 майдан “Fair Tech” тизимини ишга туширди.

Энди дори воситаларига қонунчиликда белгиланган устамадан ортиқча нарх қўйиб сотилса, харид чеки орқали автоматик мурожаат шаклланади.

Тизим тест режимида ишга туширилганда дорилар учун ортиқча пул ундиришга оид 15 мингта, расман ишга туширилган кундан 2 майгача 9 мингта мурожаат келиб тушган.

Kun.uz тизим қандай ишлаши ҳақида қўмита бошқарма бошлиғи ўринбосари Ботир Шарипов билан суҳбатлашди.

– Қонунчиликда дори воситаларига устама қўйиб сотишга лимит белгиланган. Аввало шу ҳақда гаплашсак.

– Амалдаги қонунчиликка кўра, дори воситаларининг чегараланган нархлари бор. Яъни биринчи Ўзбекистонга импорт қилиш ёки ишлаб чиқаришда Фармагентликдан дори воситалари рўйхатдан ўтказилганда шу дори воситасининг белгиланган (базавий) нархи шаклланади. Қонунчилик талабига кўра, улгуржи сотувчи воситачилар сонидан қатъи назар [дори устига] 15 фоизгача устама қўйиши мумкин, чакана сотувчи эса 20 фоизгача. Яъни дори воситаларининг нархи шаклланиши бошланғич нархига нисбатан 35 фоиз белгиланади, шундан ортиқ сотиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

– Демак, дорихоналар хоҳлаганча дориларнинг устига устама қўйиб сотишга ҳаққи йўқ, шунақами?

– Дори воситаларига айнан шу тартиб жорий этилган. Бу тартиб жаҳоннинг бошқа давлатларида ҳам бор. Айрим тадбиркорлар савол бериши мумкин, нега бизда нарх чекланган деб. Дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам дориларнинг чекланган нархи бор. Франция, Германия, Испания, Буюк Британия, Белгия, Туркияда ҳам дори воситаларининг чекланган нархи мавжуд.

– “Fair Tech” ахборот тизими ишга туширилди. Тизим орқали дори учун ортиқча ундирилган пул қайтарилиши айтиляпти. Тизим қандай ишлайди?

– Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликларни автоматик аниқлаш тизимини ишлаб чиқишимиз керак эди. Дориларнинг базавий нархи, улгуржи ва чакана нархлари белгиланган, аввалдан нарх шаклланиш тизими бор эди. Энди ўша тизим Рақобат қўмитасининг “Fair Tech” ва Солиқ қўмитасининг “Soliq” мобил иловаси билан интеграция қилинди. “Soliq” иловасида харид чекини сканерлаш орқали дори воситаси белгиланган устамадан юқори сотиладиган бўлса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига чора кўриш учун мурожаат бўлиб келиб тушади. Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида дорихоналар маъмурий жавобгарликка тортилади, истеъмолчига эса ортиқча ундирилган пул қайтариб берилади.