Танишларимдан бири касалхонага тушиб қолди. Ундан ҳол-аҳвол сўраш учун борсам икки кишилик палатада ёши элликларга борган киши билан бирга ётган экан.
Танишим билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирар эканман, ҳамхонаси ҳам суҳбатимизга қўшилди. Гап асносида унинг нима дарддан даволанаётгани билан қизиқдим.
«Касалим нималигини ўзим билмайман. Шифокорлар ҳам аниқ ташхис қўя олмаяпти. Доимий ҳолсизлик ва бош оғриғидан қийналаман. Дардимни эшитган одам борки яхшироқ овқатланиш, кучлироқ, витаминларга бой таом ейиш ҳақида гапиради. Иштаҳам яхши, овқатланишим ҳам жойида. Бироқ еганим танамга юқмайди. Бу номи йўқ касалликнинг келиб чиқиш сабабини фақат ўзим биламан», деди.
Шундан сўнг у одамнинг шифокорлар ҳам топа олмаётган касалга нима сабаб чалинганига қизиқдим.
«Вақтингиз бўлса айтиб бераман, шунда сиз ҳам мени бу дардга нима йўлиқтирганини тушуниб оласиз» деди ҳалиги одам. Қизиқувчанлигим сабаб унинг ҳикоясини эшитишга иштиёқим ортди ва вақтим бемалол эканини айтгандим, ҳикоясини бошлади:
«Болалигимда отам вилоятдаги дўконларни маҳсулот билан таъминловчи ташкилотда ишларди. Оиламизда ҳамма нарса ошиқчаси билан турар, еб-ичишда камчилик бўлмаган. Мустақилликдан кейин отам нафақага чиқди. Мен ҳам мактабни битирдим.
Ўша пайтда отам маҳалламиздаги аҳолига ун, ёғ каби кундалик маҳсулотлар сотиладиган дўконни олиб ишлатмоқчи бўлди, бироқ ололмади. Магазинчининг туман матлубот жамиятида ишловчи «танка»си кучли экан.
Орадан кўп ўтмай иқтисодий қийин даврлар бошланди. Магазин пештахталари бутунлай бўшаб қолди. Шу пайтларда ҳукумат аҳолига ун ва ёғ каби кундалик зарур маҳсулотларни арзонроқ нархда қатъий ўлчов билан етказиб бериш тартибини жорий қилди.
Шундан сўнг магазинни ишлатишдан наф қолмади шекилли кўп ўтмай магазинчининг ўзи отамнинг олдига келди. У магазинни олишни таклиф қилди:
«Аввалроқ магазинни бер деганингизга рад этгандим. Энди олинг деб ўзим келдим. Сўнгги пайтларда магазин пештахталарида ҳеч нарса қолмади. Фақат сигарет, совун ва яна бир икки хил нарса бор холос. Асосий ишим аҳолига арзон нархларда бериладиган ун ва ёғни тарқатиш бўлиб қолди. РайПОдагилар (туман матлубот жамиятлари шундай аталарди) оғир шарт қўйяпти, мен бунга рози бўлолмайман».
Унинг айтишича, РайПОдагилар аҳолига арзон нархларда бериладиган ун ва ёғнинг бир қисмини қимматроқ нархда бозорчиларга сотишни режа қилишган. Магазинчилар маълум ҳақ эвазига ҳар ой улар тўлдирадиган ҳужжатларга қўл қўйиб турса бўлди экан.


















