Жаҳон | 15:34 / 06.05.2023
15363
2 дақиқада ўқилади

Россияда кремлпараст ёзувчи Захар Прилепин автомобили портлаши оқибатида жароҳат олди

Захар Прилепин бўлган машина Нижний Новгород яқинидаги Пионерское қишлоғи ёнида портлаб кетган. Портлаш натижасида Прилепин жароҳат олди, унинг ҳайдовчиси вафот этди.

Фото: Известия/Андрей Эрштрем

Нижний Новгород яқинидаги Пионерское қишлоғи ёнида кремлпараст ёзувчи Захар Прилепиннинг Audi Q7 автомобили портлаб кетди, деб хабар бермоқда 6 май, шанба куни Telegram’даги бир қанча рус тилидаги каналлар, жумладан, «112» ва Mash. Портлаш натижасида Прилепин яраланди, унинг ҳайдовчиси ҳалок бўлди, деб хабар қилди РИА «Новости».

Айни пайтда ёзувчининг матбуот хизмати у билан «ҳаммаси жойида»лигини айтди. «Нима содир бўлганлиги ҳозирча аниқланмаган. Захар Прилепин яхши», - дея Прилепин матбуот котибининг сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС ахборот агентлиги. «Нижний Новгородда ёзувчи Захар Прилепиннинг машинаси портлатилган. У омон қолган, аммо яраланган, ҳуши жойида», - дея фавқулодда хизматлардаги суҳбатдошидан иқтибос келтирган агентлик. Дастлабки маълумотларга кўра, автомобиль тагига портловчи мослама ўрнатилган.

Фото: BAZA

Аввалроқ «ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали ёзувчи жиддий жароҳат олгани ҳақида хабар берган эди.

РБК газетаси манбасига кўра, Прилепин Донбассга ташрифидан сўнг Москвага қайтаётган бўлган. У чегара ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктини кесиб ўтган. Йўлда Прилепин Нижний Новгород вилоятида овқатланиш учун тўхтаб ўтган. Нашрнинг таъкидлашича, у машинага қайтиб келганидан кейин портлаш содир бўлган. 

Маълум қилинишича, Нижний Новгородда Захар Прилепин машинаси портлагандан сўнг, ҳозирда назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилмоқда. 

Baza Telegram-канали хабарига кўра, Прилепиннинг қизи портлашдан бир неча дақиқа олдин машинадан тушган. Портлаш вақтида у машинадан юз метр нарида бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид