2008 йил 14 сентябр куни тонгда Перм шаҳри аҳолиси узоқдан портлаш овози ва ёруғ оловни кўришади. Уларнинг хаёлига дастлаб Перм вилоятида жойлашган АЭС портлади деган ўй келади. Бироқ ундай эмасди.

Орадан бир неча соат ўтиб шаҳар четига Boeing 737-505 самолёти қулаб тушгани ва унда бўлган барча вафот этгани ҳақида хабар тарқалади.

Шундан сўнг шаҳар аҳолисида самолётни террористлар эгаллаб олгани ва унинг ёрдамида Пермдаги йирик корхоналардан бирини портлатиб юбормоқчи бўлгани ҳақида миш-мишлар урчийди.

Орадан бироз ўтиб ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилади ва турли ваҳимали гап-сўзларга чек қўйилади.

Фуқаро авиацияси тарихида содир бўлган ҳалокатларга қаралса, улар орасида учувчиларнинг масъулиятсизлиги ортидан содир бўлганлари ҳам етарлича.

2008 йилда Перм шаҳри яқинида содир бўлган ҳодиса ана шундай ҳалокатлар сирасига киради. Экипаж командири самолёт бошқарувига маст қилувчи ичимлик таъсири остида ўтиради ва Boeing 737 самолётини ҳалокатга учратади. Оқибатда самолёт бортида бўлган барча ҳалок бўлади.

Boeing 737 ҳақида

Boeing 737 самолётлари илк марта 1967 йилда ишлаб чиқарилган. Мазкур самолётларда дастлаб 100 нафар атрофида йўловчи ўрни бўлган. Кейинчалик Boeing 737 такомиллаштириб борилган ва йўловчилар ўрни ҳам оширилган.

АҚШ компанияси ўз тарихида ўн мингтадан ошиқ Boeing 737 ишлаб чиқарган ва улардан ҳанузгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида йўловчи ташишда фойдаланишяпти. Бу кўрсаткич билан компания Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Перм яқинида ҳалокатга учраган Boeing 737-505 модификацияси бўлиб, у 1992 йилда ишлаб чиқарилган. Самолётга Бермуд оролларида рўйхатдан ўтган «ARN 737 Limited» компанияси эгалик қилган.

Россияга келгунча самолётни қисқа муддат Норвегиянинг Braathens, Хитойнинг Xiamen Airlines, 1993 йилдан 2003 йилгача China Southwest Airlines ва 2003 йилдан 2008 йилгача Air China авиакомпаниялари ижарага олиб ишлатган.

2008 йилда Boeing 737’ни «Аэрофлот-Норд» авиакомпанияси Ирландиянинг «Pinewatch Limited» компаниясидан лизинг шартномаси билан сотиб олади ва ички парвозларда фойдалана бошлайди.