Жаҳон | 10:59 / 08.05.2023
11021
2 дақиқада ўқилади

ISW Россиянинг бутун фронт бўйлаб мудофаага ўтиш қобилиятига шубҳа билан қаради

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг «Ахмат» чечен махсус топшириқли кучларини Бахмутга ўтказиш таҳдиди «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси учун снарядларни олиш учун Россия ҳарбий қўмондонлигини шантаж қилиш ҳаракати бўлиши мумкин, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) навбатдаги шарҳида.

Фото: Maria Senovilla / EPA / Scanpix / LETA

Россия Қуролли кучлари Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовга бўйсунувчи баъзи қўмондонларнинг уни ҳаракатга мажбурлаш қобилияти шуни кўрсатадики, қўмондонлик занжири муаммолари Россия Қуролли кучларининг урушда мувофиқлаштирилган операцияларни ўтказиш қобилиятига сезиларли таъсир қилади, деб таъкидлайди таҳлилчилар. 

ISW экспертларининг қайд этишича, бу воқеалар Россиянинг бутун фронт бўйлаб изчил мудофаа кампаниясини мувофиқлаштириш қобилиятига оид саволларни туғдиради. 

Аввалроқ Америка урушни ўрганиш институти (ISW) Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучларининг кутилаётган қарши ҳужумига тайёргарлик кўриш учун Бахмутга ҳужумдан воз кечган бўлиши мумкинлиги тўғрисида ёзганди.

Навбатдаги таҳлилий шарҳда айтилишича, шу тарзда «Вагнер» ХҲК ва унинг асосчиси Евгений Пригожин потенциал қийин вазиятга тушиб қолган. 

Пригожин бир қатор видеоларни эълон қилди, унда у ҳиссиётли тарзда Мудофаа вазирлигидан ХҲКни снарядлар билан таъминлашни талаб қилиб, акс ҳолда 10 майдан бошлаб гуруҳ жангчиларини Бахмутдан олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилган. 

ISW таҳлилчиларига кўра, Пригожиннинг ғазаби Мудофаа вазирлиги ўз эътиборини Бахмутдан бошқа жанговар ҳудудларга кўчирганини кўрсатади, бу эса «вагнерчиларнинг» самарали фаолият юритиш қобилиятига жиддий путур етказиши мумкин. 

Бироқ, таъкидланганидек, ХҲК ўқ-дорилар йўқлигига қарамай, Бахмутни тўлиқ қўлга олишга ҳаракат қилишни тўхтатмаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид