Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар беришича, бу тўғрисидаги фармонни давлат раҳбари янги таҳрирдаги Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб имзолаган.

Президентлик сайлови 9 июл кунига белгиланди

«Президент бугун иккита муҳим фармонни имзолаганини эълон қилди. Биринчи фармон янгиланган Конституцияни ҳаётга жорий этиш, ижросини таъминлаш учун унинг мазмун-моҳиятини халқимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича аниқ вазифаларни назарда тутади.

Бош қонунимизнинг ҳар бир банди ва моддасини жамиятимиз, айниқса, ёшларимиз учун ҳаёт қоидасига айлантириш, бу борада уларнинг тушунча ва тасаввурларини кенгайтириш; ҳар бир маҳалла, таълим маскани, ташкилот ва корхонада чуқур ўрганиш мақсадида ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Янгиланган Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб, давлат раҳбари иккинчи муҳим фармонни имзолади. Унга мувофиқ, мамлакатда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилади», дейилади хабарда.

Президент бу қарорини изоҳлади.

«Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечяпман?

Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда. 

Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.

Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.