Словакиянинг янги ҳукуматига Людовит Одор бошчилик қилади. Бу ҳақда 7 май, якшанба куни Словакия президенти Зузана Чапутова телемурожаатида маълум қилди. Словакия Миллий банки раҳбари ўринбосари Одор аввалроқ истеъфога чиқиш ниятини эълон қилган ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи Эдуард Хегер ўрнини эгаллайди.
Чапутова янги муваққат ҳукуматни 15 майдан сўнг тайинлашини, парламент фракциялари билан маслаҳатлашув ўтказишини айтди, деб хабар берди Reuters. 15 майгача Хегер ўз лавозимида қолиши керак. "Мен Словакияни янги муваққат ҳукумат билан эркин ва демократик сайловларга олиб боришни президентга қолдираман", деди Хегер.
Словакияда муддатидан олдин парламент сайловлари 30 сентябр куни бўлиб ўтади.
Сўнгги кунларда мамлакатда сиёсий инқироз кучайган. Словакия қишлоқ хўжалиги вазири Самуэл Влчан молиявий можаро туфайли истеъфога чиқди. Словакия оммавий ахборот воситалари унинг оиласига алоқадор компания давлатдан 1,4 миллион евродан (1,5 миллион доллар) ортиқ миқдорда қайтарилмайдиган субсидиялар олганини хабар қилди. Шундан сўнг, ташқи ишлар вазири Растислав Качер сабабларга аниқлик киритмасдан, президентга истеъфога чиқиш тўғрисида мактуб йўллади.
Декабр ойида Хегер коалицион ҳукумати ишончсизлик вотумини олди. Ўшандан бери бош вазир ўз лавозимида вазирлар маҳкамаси раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида қолмоқда.

















