Ўзбекистон | 09:56 / 08.05.2023
4847
2 дақиқада ўқилади

Хусусий тиббиётни ривожлантириш учун Жаҳон банкидан 1 млрд доллар олиш режалаштирилган — Амрилло Иноятов

Соғлиқни сақлаш вазири тиббиёт олдинга силжиши учун асосий вазифа хусусий секторни оёққа турғазиш эканини айтди. Бунинг учун Жаҳон банкидан 1 миллиард доллар олиниши режа қилинган.

Фото: ССВ

5 май куни Соғлиқни сақлаш вазири дунёнинг турли давлатларида ишлаётган 30га яқин ўзбекистонлик шифокорлар билан видеомулоқот қилди. Суҳбат давомида вазир хусусий секторни ривожлантириш масаласига алоҳида урғу берди.

Жаҳон банкидан камида 1 миллиард доллар олиб, хусусий секторни фақат замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, уларни оёққа турғизиш вазифаси олдимизда турибди. Чунки халқаро тажрибада тиббиётнинг оғир аравасини хусусий сектор тортяпти. Энди хусусий секторнинг оёққа туриши учун биз давлат бўлиб қандай ёрдам бердик уларга, деган саволни қўйишимиз керак", – деди Иноятов.

Шунингдек, вазир Ўзбекистонда тиббиётида сўнгги вақтда қилинган ишлар билан шифокорларни таништирган.

Кейинги ҳафта эса Америкага катта сафарга боряпмиз. 20дан ортиқ жуда катта-катта марказлар, олийгоҳлар, Американинг йирик-йирик фармацевтика компаниялари билан меморандумларимиз имзоланиши кутилмоқда. Бундан асосий мақсад мана шу стандарларни мамлакатимизга олиб келиш”, – деди вазир.

Маълум бўлишича, Жаҳон банки билан биргаликда соғлиқни сақлаш тизимини 2030 йилгача ривожлантириш миллий стратегияси тайёрланган. Лойиҳада АҚШ, Финландия, Германия, Жанубий Африка Республикаси, Жанубий Корея, Канада, Австрия, Покистон, Италия, Англия, Эстония ва Дания сингари давлатлардан мутахассислар иштирок этган.

Шунингдек, охирги 3 йилда умумий қиймати 200 млн долларлик 45та лойиҳани давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш бўйича битимлар имзоланган.

Вазирга кўра, ҳозир умумий қиймати 1,1 млрд долларга тенг бўлган яна 48та лойиҳа бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Қайд этилишича, бу лойиҳаларнинг давоми сифатида 26-27 май кунлари Самарқанд шаҳрида Германия-Ўзбекистон тиббиёт форуми, 3-4 июн кунлари Россия-Ўзбекистон тиббиёт форуми ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид