Ўзбекистон | 12:01 / 10.05.2023
70003
3 дақиқада ўқилади

Пахтачидаги газ тўлдириш шохобчасида даҳшатли портлаш: воқеа жойидан репортаж

9 май куни соат 21:25 да Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги аҳолига суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида портлаш содир бўлди. Портлаш оқибатида ҳудуддаги контейнерлар, маъмурий бинолар ва бир нечта техникалар зарарланган. Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.

10 май куни соат тахминан 2:00 ларда ёнғин ўчирилган, хавф бартараф этилган ва тозалаш ишлари олиб борилаётганди. Ҳодиса жойида бўлиб турган “Ҳудудгаз Самарқанд” газтаъминот филиали директор ўринбосари Хуршид Мелиевнинг айтишича, одатдаги кунда ушбу ҳудудда 15 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилиб келган.

Бугун байрам куни бўлгани учун қоровул ва икки нафар ишчимиз шу ерда бўлган экан. Бир нафар ишчимиз куйиш тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилди. Еттита техникамиз қисман, биттаси тўлиқ зарар кўрди. Маъмурий бинолар ҳам ёнғин ва портлаш зарби ҳисобига зарарланди”, – деди Мелиев.

Портлаш ва ёнғинга гувоҳ бўлиб қолган маҳаллий аҳолидан маълумот олишга ҳаракат қилдик.

Маълум бўлишича, портлаш бир неча марта такрорланган. Аҳоли аввалига тоғда кон портлатиляпти, деган тасаввурга борган. Бироқ яқин ҳудудда катта ёнғин пайдо бўлгани, қаттиқ зарб таъсирида уйлар зириллаб кетгани одамларни таҳликага солиб қўйган.

Нефтбаза ҳам газ тўлдириш шохобчаси билан деярли ёнма-ён жойлашган, ҳаммамизни худо асради. Агар қаттиқроқ шамол ёки бирор фалокат бўлганида ҳеч биримиз омон қолмасдик”, – дейди ҳудудда истиқомат қилувчилардан бири.

Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасига олиб кетилган газ идораси вакилининг ҳолатини билиш мақсадида бирлашмада ҳам бўлдик.

Даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари Анвар Бобомуродовга кўра, бемор оғир ҳолатда олиб келинган. Танасининг 70 фоиз қисмида куйиш ҳолати кузатилган. Тезкор реанимацион ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамай, беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, соат 22:30 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 23:00 да бартараф этилган.

Ҳодиса шохобчадаги «MAN» русумли суюлтирилган газ ташувчи машинадан газни захира сиғимига бўшатиш жарёнида хавфсизлик техникаси қоидалари бузилиши оқибатида юзага келгани тахмин қилинмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБнинг маълум қилишича, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, судга оид тиббиёт, ёнғин-техника ва судга оид баҳолаш экспертизалари тайинланган.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид