Ўзбекистон | 09:22 / 11.05.2023
6321
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 3D-босма бўғинлар ўзбекистонлик аёлга қўл бармоқлари ҳаракатини тиклашга ёрдам берди

Times of India газетаси Деҳлидаги хусусий шифохона мутахассислари ўзбекистонлик 30 ёшли аёлнинг қўлларидаги бармоқларнинг саккизта бўғинини 3D-принтерда чоп этилган тиббий имплант ёрдамида муваффақиятли алмаштиргани ҳақида маълумот тарқатди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

«Битта амалиёт доирасида бажарилган алмаштириш беморнинг қўл бармоқлари ҳаракатини қайта тиклади ва оғир ревматоид артрит оғриғини енгиллаштирди, - деб ёзган нашр мухбири. - Ревматоид артрит - бўғинларга ҳужум қиладиган, яллиғланиш ва оғриқ чақирадиган, атрофдаги тўқималарга зарар етказадиган заифлаштирувчи аутоиммун касаллик ҳисобланади».

Шифокорларнинг айтишича, ўзбекистонлик аёл сон ва бармоқ бўғинлари оғир шикастлангани сабабли шифохонага ёрдам сўраб мурожаат қилган, деб ёзади газета. Текширув давомида шифокорлар унинг нафақат икки сонини, балки қўл бармоқларидаги саккизта бўғинни ҳам эндопротезлаш зарурлигини аниқлаган.

«Бармоқлар учун зарур бўлган кичик бўғин имплантлари Ҳиндистонда мавжуд эмаслиги сабабли шифокорлар махсус бўғин имплантларини яратиш учун 3D технологиясига мурожаат қилди. «Замонавий 3D босма технологиясидан фойдаланиб, биз беморнинг шикастланган бўғинларига мукаммал мос келадиган ва уларнинг функциясини тиклайдиган титан металл имплантларини яратишга муваффақ бўлдик», деди доктор Нираж Годара», деб хабар қилган газета.

Доктор Times of India мухбирига «Март ойи бошида беморнинг иккита сони алмаштирилди ва у тўлиқ реабилитация қилинганидан сўнг бир ой ўтгач, иккинчи операция амалга оширилди. Ушбу амалиёт чоғида икки қўлдаги бармоқларнинг саккизта бўғини махсус имплантлар билан алмаштирилди», деб маълум қилган. Шифокорларнинг айтишича, бемор амалиётлардан сўнг бир неча ҳафта ўтгач, мустақил тарзда юра бошлаган ва бармоқларини эркин ҳаракатга келтирган.

Мавзуга оид