Жаҳон | 12:15 / 12.05.2023
5392
2 дақиқада ўқилади

AI Россияни Навалнийнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга чақирди

Алексей Навалнийнинг соғлиғи билан боғлиқ вазият ўта хавотирга солмоқда ва колониядаги шафқатсиз муносабат унинг инсон ҳуқуқларини бузади ҳамда Россиянинг халқаро мажбуриятларига зиддир, дея маълум қилди Amnesty International.

Фото: Denis Kaminev/AP Photo/picture alliance

Amnesty International (AI) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россия ҳукуматини қаттиқ режимли колонияда тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини таъминлашга чақирди. “Унинг соғлиғи билан боғлиқ вазият ўта хавотирли, колония маъмурияти томонидан давом этаётган таъқиб ва   шафқатсиз муносабат унинг инсон ҳуқуқларини бузади ва Россиянинг халқаро мажбуриятларига зиддир”, — дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари 11 май, пайшанба куни эълон қилган баёнотда.

Ташкилот колония маъмурияти сиёсатчини доимий равишда ва ўзбошимчалик билан жазо камерасига жойлаштирганини эслатди. "Ҳокимият Алексей Навалнийнинг колонияда қолишини бутунлай чидаб бўлмас ҳолга келтириш учун унга қарши жуда кўп воситалардан фойдаланмоқда.Унга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш, куч ишлатиш ва зарур тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиш Навалний ҳуқуқлари ҳамда Россия халқаро мажбуриятларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бунинг ўзи қийноқ ёки шафқатсиз муносабат сифатида баҳоланиши мумкин", - деди AI Россия тадқиқотчиси Олег Козловский.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, Россия ҳукумати Навалнийни “зудлик билан ва сўзсиз” озод қилиши керак, чунки у жиноий фаолият учун эмас, балки “ўз ҳуқуқларини тинч йўл билан амалга оширишга уриниш” учун судланган ва виждон маҳкуми ҳисобланади. Amnesty International, шунингдек, Россия ҳукуматини Навалнийга нисбатан давом этаётган асоссиз жиноий таъқибни тўхтатишга ва унга нисбатан “терроризмни тарғиб қилиш”, “экстремизмни молиялаштириш ва тарғиб қилиш” ва “нацизмни реабилитация қилиш” каби янги айбловларни олиб ташлашга чақирди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Навалнийга халқаро стандартларга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилиши ва токсикологик текширувлар ўтказилишини талаб қилган.

Мавзуга оид