Kun.uz мухбири ўн йиллардан буён Туркияда яшаб, илмий изланишлар олиб бораётган ватандошимиз Фазлиддин Мадиев билан сайлов жараёнлари ҳақида суҳбатлашди. У Карабук Университетида Халқаро сиёсий-иқтисод йўналишида магистратурани тамомлаган.
Фазлиддин Мадиев Туркиядаги сайлов жараёнлари, асосий номзодлар таклиф қилаётган дастурлар, туркларнинг сиёсий фаоллиги ҳамда қайси номзоднинг ғалабаси ўзбек ватандошлар учун афзалроқ, экани борасида сўз юритди.

— Туркиядаги сайловлар қандай бўлиши ҳамда номзодлар ҳақида маълумот берсангиз. Улар нечта, қайсилари кўпроқ қўлланяпти?
— Бўлиши кутилаётган сайлов бутун дунёда қизғин муҳокамаларга сабаб бўляпти. Туркия тарихида бу даражада эътиборда бўлган, дунё эътиборига тушган сайлов бўлмаган ҳали.
Айни пайтда 4 та президентликка номзод бор: мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған; Олти мухолифатчи партияси алянсидан (Халқ алянси) номзод ва Туркия Халқ партияси раиси Камол Қиличдорўғли; «Ватан» партияси раиси Муҳаррам Инже; (Муҳаррам Инже айни вақтда ўз номзодини олди) «Отатуркчилар иттифоқи»дан номзод Синан Оган. Булардан асосий иккитаси кўпроқ қўлловга эга. Яъни Эрдўған ва Камол Қиличдор ўғли. Қолган икки номзод 2-3 фоиз овоз тўплаши тахмин қилиняпти. Асосий кураш Эрдўған ва Қиличдор ўғли ўртасида бўлади. Қўлловчиларнинг фоиз кўрсаткичи ҳам катта фарқ қилмаяпти. Масалан, бугун чиққан маълумотларга кўра, Қиличдор ўғлининг имконияти кўпроқ. Туркия сайловлари манипуляция кучлилиги билан ҳам ажралиб туради. Аммо амалда Эрдўғанни қўлловчилар кўпдек кўриняпти. Ҳаммаси сайловдан сўнг маълум бўлади.
— Эрдўғаннинг сайлов олдидан жонли эфирда соғлиғи ёмонлашиб қолди. Бу нарса унинг имижи қандай таъсир қилди?
— Эрдўғаннинг жонли эфир пайтида соғлиғи ёмонлашиши катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Бир ҳафтада соғайди, деган гаплар нотўғри, у икки кунда соғлиғини тиклаган. Сиёсий жиҳатдан бу ҳолат яхшимас барибир. Лекин мени атрофимдаги одамларнинг кўпчилиги ҳам Эрдўғанни сайлаш тарафдори. Шу билан бирга Туркияда Эрдўғандан чарчаш ҳам бор, аммо айни пайтдан ундан яхшиси йўқ деган фикр бор. Ёшроқ ва сиёсий фаол бўлган бошқа одам бўлганда, биз унга овоз берардик, деган қараш ҳам мавжуд. Умуман олганда, Эрдўғаннинг соғлиғи ёмонлашиб қолиши, унинг сайлов компаниясига катта таъсир қилмади.
















