Россия федерал телеканаллари 13 май куни Брянск вилоятида Россия Федерацияси Аэрокосмик кучларининг бир нечта самолёт ва вертолётлари ҳалокатга учрагани ҳақида хабар бермади, деб ёзади 15 май, душанба куни “Верстка” интернет-нашри. Унга кўра, воқеалар содир бўлганидан кейин Биринчи канал, Россия-1 ва НТВ телеканалларида 19 та янгиликлар релизи ва тўртта якуний кўрсатувлар эфирга узатилган, бироқ уларга воқеа ҳақидаги сюжетлар киритилмаган.

13 май куни Брянск вилоятининг Клинци шаҳрида Россиянинг Ми-8 ҳарбий вертолёти қулаб тушди ва икки экипаж аъзоси ҳалок бўлди. Бундан ташқари, тинч аҳолидан бири яраланган, беш хонадонга зарар етган, деди вилоят губернатори Александр Богомаз. Шу куни Россиянинг Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолёти Украина билан чегара яқинидаги Брянск вилоятида ҳалокатга учради.

Шу билан бирга, “Коммерсант” газетаси 13 май куни ўз номини ошкор этмаган суҳбатдошларига таяниб, минтақада Су-35 қирувчиси ва яна бир Ми-8 вертолёти қулагани, тўртта техника ҳам “деярли бир вақтда уриб туширилган бўлиши” мумкинлигини ёзди. Нашрнинг ёзишича, барча машиналар битта ҳаво гуруҳи таркибига кирган, қирувчилар Черниҳив вилоятидаги нишонларга зарба бериши, вертолётлар эса уларни ҳимоя қилиши керак эди.

Россия Мудофаа вазирлиги хабар эълон қилинган вақтда воқеаларга изоҳ бермади. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат воқеаларга Украина Қуролли кучларининг алоқадорлигини тасдиқламади ҳам, рад этмади ҳам.