Шукрулло Эгамбердиев Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этилди
Сўнгги кунларда меҳнат муҳожирлари ҳақидаги гаплари шов-шув бўлган имомга «ҳайфсан» интизомий жазоси ҳам берилган.
16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссиясининг навбатдаги йиғилишида «Шукрулло домла» сифатида танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинган. Идора матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу қаратилган.
«Ш.Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этди ва узр сўради. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз.
Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга «ҳайфсан» интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди», — дейилади Мусулмонлар идораси баёнотида.
Мусулмонлар идорасининг Kun.uz'га маълум қилишича, Шукрулло Эгамбердиев «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом-хатиби лавозимида қолган.
Маълум қилинишича, диний идора тизимидаги Ички назорат комиссияси – диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш каби ваколатларга эга.
Сўнгги кунларда имомнинг меҳнат муҳожирлари ҳақидаги гаплари шов-шув ва катта эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Шукрулло Эгамбердиев 2022 йил октябрида Ўзбекистон маданият вазири, таниқли хонанда Озодбек Назарбеков билан қуда бўлганди.