IT Park University талабалари IТ-маҳсулотлари ишлаб чиқиш бўйича жаҳон етакчиларидан бири бўлмиш EPAM компаниясининг европа офисларида иш қандай йўлга қўйилганинг гувоҳи бўлишди, шу билан бирга бир қатор семинар ва тренингларда қатнашишди. Сафар университет томонидан тўлиқ молиялаштирилди.

Апрель ойида, IT Park University'нинг 8 нафар 1-курс талабалари Литва ва Полшада амалиёт ўташди. Иштирокчиларни академик натижалари ва мотивацион видеоларига асосланган ҳолда саралаб олишди. Амалиёт университетнинг ҳаммуассис-компанияси EPAM офисларида бўлиб ўтди. IT Park University президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, халқаро даражадаги IT-мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.

IT Park University амалиётга йўналтирилган университет бўлганлиги сабабли, унинг талабалари биринчи курсданоқ амалиёт ўташни бошлайдилар. Энг яхши талабалар учун EPAM'нинг Европа ва Америкадаги офисларига ташриф буюриш имконияти мавжуд.

Умид Қўчқорбоев, талаба:

— Бир йил аввал, таклиф этилган мутахассисликлар манзур бўлганлиги туфайли, IT Park University'га ўқишга кирдим. Хусусан, мен back-end ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқчиман. Бу ерда ўқиш қизиқарли. Ҳар душанба психологик тренинглар ўтказилади, шанба кунлари футбол ўйнаймиз, шунингдек, мунтазам равишда киберспорт машғулотларини ўтказиб турамиз. Мен - IT Park University киберспорт клуби президентиман.

Амалиёт Полшанинг Краков шаҳрида бўлиб ўтди. Бу менинг чет элга бўлган биринчи сафарим. IT-мутахассисларининг ҳаётини ичкаридан кўриш қизиқ бўлди. Энди мен ажойиб маҳсулотлар устида ишлаш учун, малакали дастурчи бўлишни янада кўпроқ хоҳлаяпман.

Workshop'лар ва семинарларни олиб борувчилар EPAM амалиётчи-мутахассислари бўлишди. Топшириқлар устида талабалар интернационал жамоаларда ишлашди. Амалиётга Ўзбекистон, Литва, Полша, Беларус, Украина, Россиядан вакиллар ташриф буюришди.

Жавоҳир Маҳкамов, талаба:

– Дастлаб мен Кореядаги университетга ўқишга кирдим, у ерда «Бизнес менежменти» йўналиши бўйича ўқидим, лекин кейин мутахассислигимни ўзгартиришга қарор қилдим. Мен IT Park University'ни танладим, чунки болалигимдан IТ'га қизиқиш бор эди ва бу ерда дарслар инглиз тилида олиб борилади. Яна бир муҳим тарафи: масофавий ва эркин тарзда ўқиш мумкин. Менинг Фарғонада ишим бор, уни ташлаш ниятим йўқ. Мослашувчан жадвал ва гибрид таълим шакли туфайли мен университетдаги ўқишимни ва ишимни биргаликда олиб бора оламан.