Болаларга раҳми келиб хонадонидан вақтинча жой берган Турсуной Мавлонова ўғлини уйлантириш учун тўй бошлаб қўйган. 75 нафар тарбияланувчини ўз бағрига олган хонадон бекаси боғча болалари сабаб тўй кечикаётгани ҳақида куюниб гапирди.

“Яроқсиз ҳолга келиб қолган боғчадан чиқариб юборилган болалар у ёқ-бу ёққа боришиб сарсон бўлишди. Болаларга раҳмим келиб, 3-4 ойда янги боғча биноси битиб қолса керак деган ўй билан яшаб турган уйларимни бўшатиб бердим.


Болалардан ташқари 3 та хўжалик яшаймиз. Турмуш ўртоғим болалар шовқинига чидай олмай кун бўйи кўчаларда юради. Ўғлимга тўй бошлаб қўйганман. Келинни олиб келиш учун уй йўқ. Тезроқ болалар бошқа жойга чиқиб кетишса тўй қилишим керак. Айни пайтда уйимизда 3 та гуруҳ, жами 75 нафар бола бор.

Ҳолат юзасидан раҳбарларга чиқдик. Улар хонадонимизга келиб, 3-4 ойда янги боғчани битириб берамиз дейишди. Лекин натижа бўлмаяпти. Уйимизда болалар сиғмаганидан яна бошқа бир хонадондан жой қилиб, олиб бориб қўйганмиз. Туман “катталари”дан тезроқ боғчани битириб беришларини илтимос қиламиз,” – дейди у.
3 невара ва 2 чевараси боғчада тарбияланаётган Фотимахон Жўраева болалар вақтинча жойлаштирилган хонадонда шароит қониқарсиз экани, янги боғча биносини қуриш ишлари кечикаётгани, туман раҳбарлари ҳолатга панжа ортидан қараётганини таъкидлади.

“Хонадондаги ҳожатхона, ошхона ва умуман барча хоналар ҳеч бир талабга жавоб бермайди. Овқат тайёрлайдиган жойни кўриб болаларга ачиниб кетади одам.





























