Жаҳон | 07:53 / 22.05.2023
16632
2 дақиқада ўқилади

Москва Қримга зарба берилган тақдирда “жавоб чоралари” билан таҳдид қилмоқда

Украина Қуролли кучларининг Қрим ҳудудига Американинг F-16 қирувчи самолётларидан фойдаланган ҳолда берилиши мумкин бўлган зарбалари Москва томонидан Россия ҳудудларидан бирига қилинган ҳужум сифатида баҳоланади. Бу ҳақда Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов баёнот берди. 

Фото: Lukasz Glowala/File Photo/REUTERS

"Мен АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти вакилларини Қрим бўйича, айниқса Киев режимига яриморолга ҳаво ҳужумлари учун "рухсат бериш" бўйича шошқалоқ қадамлардан огоҳлантирмоқчиман. Эслатиб ўтаман, биз буни Россия Федерациясининг исталган бошқа минтақасига ҳужум сифатида баҳолаймиз. Қўшма Штатлар Россиянинг жавобидан тўлиқ хабардор бўлиши муҳим”, — деб ёзди Антонов Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Telegram-каналида.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия Украинага қарши урушда мағлубиятга учрашига ва ўз мамлакатидан ҳеч қандай ҳудудни тортиб ололмаслигига ишонч билдирмоқда. 

"Россия нима қилса ҳам, унинг тажовузкорлиги мағлуб бўлади. У на Қримни, на давлатимизнинг бошқа қисмини ўғирлай олади. Бу сизлар билан бизнинг уйимиз", - деди Зеленский 18 май куни Қримтатарлари депортациясининг 79 йиллигига бағишланган қрим-татар мажлиси вакиллари билан учрашувда.

Давлат раҳбари Украинада 79 йил муқаддам геноцид жинояти содир этилган Қрим-татар халқи депортацияси қурбонлари хотирасини ҳурмат қилишини таъкидлади. "Юз минглаб одамлар бегона юртга ҳайдаб юборилди. Бутун бир халқ ўз уйидан маҳрум бўлди ва Қримда бу ҳақда гапирган ҳамма нарсани йўқ қилишга ҳаракат қилишди", - деди Володимир Зеленский.

Украина президентининг сўзларига кўра, 18 май нафақат мотам куни, балки Қримтатар халқининг ҳуқуқларини тиклаш ва ўз уйига қайтиш мақсадида бирлашиш кунидир. “Биз умумий тарихимизга бутун халқимиз учун уйга ишончли йўл очадиган ва бутун юртимиз озодлигининг таянчи бўладиган умумий ғалабамиз кунини қўшиш учун ҳамма нарсани қиламиз”, — деди Володимир Зеленский.

Ўз навбатида, Қримтатар халқи мажлиси раиси Рефат Чубаров шундай деди: “Россия-Украина урушининг тугаши нафақат давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш, балки биз ҳозир бошдан кечираётган нарсалар такрорланмаслиги механизмини яратишдир".

Мавзуга оид