Ўзбекистон | 11:37 / 23.05.2023
25853
2 дақиқада ўқилади

Диний қўмита ходими фуқаролар умра учун тўлаган 1,6 миллиард сўмни онлайн қиморга тикиб юборди

Дин ишлари бўйича қўмитанинг Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳокимлигида ишлайдиган бош мутахассиси фуқароларнинг Умра зиёрати учун тўлаган пулларини ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган. Фирибгар 5 йилга қамалган, аммо 70 га яқин жабрланувчиларга етган зарар қоплаб берилмаган.

Ачинарлиси, ҳокимият мансабдори муқаддас зиёрат учун деб тўпланган халқ пулини онлайн қиморга сарфлаб юборган. “Ҳокимиятда алданишни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Бошқалар турфирмалар орқали ёки Қирғизистон орқали бемалол зиёратга бориб келяпти. Уларга ишонмай, ҳокимиятдан “отилиб” қолдик”, дейди жабрланувчилар.

MY5 телеканали Марказий студия кўрсатуви тайёрлаган лавҳадан маълум бўлишича, узоқ терговдан сўнг ҳам фирибгарнинг ваъдаларига ишонган жабрланувчилар ўз аризасини қайтариб олган. Натижада уларнинг зарарларини қоплаб бериш масаласи очиқ қолмоқда.

Диний қўмита вакили эса 2 йил мансабдорлик юклатилган вазифаларда ишлаш ваколатидан маҳрум бўлган ҳамда 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Хўжаобод тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, А.Ф.дан жабрланган бир нечта фуқароларга пуллари қайтариб берилган. Қолган жабрланувчилар масаласида эса ҳокимиятга суд ҳукми тақдим этилгач, шунга кўра иш кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳаж зиёратчиларга хизмат кўрсатиш “бизнеси”ни монополлаштирган Дин ишлари бўйича қўмита турфирмаларнинг “фирибгарлиги”дан тинимсиз огоҳлантириш бераётган эди. Лекин масъулларнинг ўзи ҳамон Ўзбекистондаги зиёрат пакети нархларини ҳам ошкор қилмаган.

Мавзуга оид