Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-апрел ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 19,6 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 7,7 млрд долларни, импорт ҳажми эса 11,9 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 6,2 фоизга, импорт ҳажми 18,6 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 4,2 млрд долларга етган.

Ташқи савдода Хитойга боғлиқлик кучаймоқда
Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқаларида Хитойга боғлиқлиги ортиб бормоқда. Хусусан, апрел ойида икки давлат ўртасида қарийб 970 млн долларлик ТСА кузатилган. Йил бошидан бери Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 3,3 млрд долларга етган.

Ҳисобот даврида ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси ХХР (17 фоиз), Россия (15,1 фоиз), Қозоғистон (7,7 фоиз), Туркия (5,4 фоиз), Корея (4,1 фоиз), Германия (4 фоиз) ва Қирғизистон (1,7 фоиз) билан қайд этилган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.
Олтинсиз экспорт ҳажми қисқармоқда
Апрел ойида асосий савдо ҳамкорларимиз: Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркияга экспорт ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг эътибор қаратишича, олтинсиз экспорт миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоизга қисқарган.
“Асосий савдо ҳамкор давлатларимиз, хусусан, Қозоғистон ҳамда Россияга экспортнинг қисқаришини мос даврдаги жуда юқори ўсиш қисман тушунтириб беради (юқори база). Аммо Россияга экспортнинг қисқариши март ойидаёқ бошланиб бўлганди (бу эса сигнал бўлиши мумкин).















