Қарши шаҳар прокуратураси объектни бузиб олиш учун куч ташлаган пайтда, дўкондорнинг рафиқаси ўзини ёқиб юбормоқчи бўлган. Дўкондор Бобур Ходиевга кўра, турмуш ўртоғининг айни пайтда кўриш қобилияти заифлашган ва у шифохонада даволанмоқда.

Ходиевнинг қўлида Қарши шаҳар ҳокимининг 2008 йил 11 августдаги қарори бўлиб, у шу ҳужжат асосида фаолият кўрсатиб келган. Бироқ Кадастр агентлиги Қарши шаҳар бўлимининг қарори билан Ходиевга маъмурий жарима қўлланилган. Дўкон ўзбошимчалик билан қурилгани айтилган. Шундан сўнг иш суд тартибида кўрилган ва 2022 йил 30 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Кадастр агентлиги Қарши шаҳар бўлимининг қарори бекор қилинган.

Тадбиркор 2023 йил 13 апрел куни шаҳар прокурори Алишер Мирзаевнинг топшириғи билан ҳудудга етиб келган ички ишлар ходимларига ушбу ҳужжатларни кўрсатади. Шундан сўнг ички ишлар идоралари вакиллари прокурорнинг ноқонуний талабини бажаришдан бош тортади. Бу орада Қарши шаҳрида 4-сонли ИИБ бошлиғи Асрор Жўраев ва прокурор Мирзаев ўртасида телефон орқали зиддият юзага келади.

“Сиз прокурорсиз, мен ҳам фуқаролар хавфсизлигини таъминлайдиган одамман. Сиз ҳампрезидентнинг одами, мен ҳам президентнинг одами. Тушундингизми, Алишержон? Менга сиз ўдағайламанг. Ўдағайласангиз, шахсий адоват қилсангиз, ана ундан кейин Чингачкукдек, очиқчасига, биттама-битта гаплашамиз”, – дейди Асрор Жўраев.

Эътиборни тортадиган яна бир ҳолат бор. 13 апрел куни дўконни бузишга уринилганда, Ходиевнинг турмуш ўртоғи ўзини ёқиб юбормоқчи бўлгани ҳақида айтдик. Ушбу ҳолат бўйича прокуратура вакили шаҳар прокурори Мирзаевга телефон орқали қисқача ҳисобот берган. Ўша суҳбат асносида прокурор Мирзаев суд қачон бўлишини сўрайди. Ходим эса 18 апрел куни суд бўлишини айтади. Демак, прокурор негадир суд қарорисиз тадбиркор мулкини бузишга жаҳд қилмоқда. Ёки у суд натижаларини олдиндан билганмиди?