Бу ерда муҳим бир жиҳатни унутмаслик лозим: Сингапурда президент мутлақ ҳокимиятга эга эмас. Бошқарувнинг асосий ричаглари бош вазир қўлида ва президент кўпроқ рамзий раҳбар ҳисобланади. Аммо бу Сингапур давлати ўз президентига самолёт олиб беришга қодир эмас, деган маънони англатмайди. Сингапур шу қадар бой давлатки, истаса ҳар бир амалдорига алоҳида самолёт ажратиши мумкин. Лекин президент Ҳалима Ёқубнинг ўзи анъаналарга амал қилади ва ортиқча харажатлардан қочади.

Катта ваколатларга эга бўлмаса-да, президентнинг мамлакатдаги нуфузи жуда юқори. Гарчи иқтисодиёт ва кучишлатар тизимлар фаолиятига бевосита аралашмаса-да, ташқи сиёсат, ички осойишталик, фан, таълим, динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, маданият ва санъат каби йўналишларда унинг ўрни беқиёс. Маълумки Сингапур айнан илм-фан ортидан тараққиётга эришган давлат ҳисобланади.

Сингапур:

  • Аҳолиси: 5,8 млн;
  • Ҳудуди 734,3 км² (жаҳонда 171-ўрин);
  • ЯИМ 400 млрд доллар атрофида;
  • Жон бошига ЯИМ 73 минг доллар атрофида (жаҳонда кучли бешликда);
  • Ишсизлик 1 фоизгача.

Камбағалликдан чиққан президент

Дунёда ночор оилаларда улғайган давлат раҳбарлари кўп. Аммо улар орасида Ҳалима Ёқубнинг ўрни бўлакча. Унинг отаси Ёқуб ҳинд мусулмони бўлиб, қоровуллик қилиб кун кечирган. Онаси эса малай миллатига мансуб аёл бўлган. Қизалоқ 8 ёшлигида отаси юрак хуружидан вафот этади. Қоровуллик ортидан ҳаминқадар ўтиб турган рўзғорларини тебратиш қийин бўлиб қолади.

Онаси беш фарзандини боқиш учун кўчада таом сотиб кун кўра бошлайди. Ҳалима онасига бу ишда кўмаклашади. Ҳалима Ёқуб ўзининг ёшлик йиллари ҳақида шундай дейди: «Ўн ёшимдан бошлаб, мактабдан бўш вақтларимда онамга ёрдамлашишга мажбур бўлганман, столларни артиш, идишларни ювиш, тозалаш, келганларга хизмат кўрсатиш каби ишларни яхши уддалай олганман. Мен ўзим камбағалликда ҳаёт кечирдим, яшаш учун кураш қанчалик қийинлигини жуда яхши биламан ва ҳашаматга ўчлик менга бегона».

Ҳалима Ёқуб хоним дин аҳкомларига тўлиқ риоя қилади ва ўзга дин вакилларига ҳам гўзал муносабат кўрсатади. У ўзининг ёрдамчилари билан ишхонаси ёнидаги масжиднинг аёллар учун ажратилган бўлимда беш вақт намоз ўқийди.

Сиёсат сари қадамлар

Йўқчилик сабаб мактабга боришда қийинчиликларга учраган бўлса-да, қизалоқ ўқишга уқувли чиқади. У фанларни жуда яхши ўзлаштиради ва мактабни имтиёз билан тамомлайди.