Жаҳон | 13:57 / 26.05.2023
7655
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Капитолийга ҳужумда қатнашган шахс 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ўнг Oath Keepers гуруҳи асосчиси Стюарт Роудз ҳукуматни ағдаришга қаратилган «исёнкор фитна»да айбдор деб топилди. Собиқ десантчи ўзини «сиёсий маҳбус» деб атади.

Фото: AP

25 май, пайшанба куни Вашингтондаги суд икки йил аввал Капитолийга бостириб кирганлик иши бўйича ўнг Oath Keepers гуруҳи асосчиси Стюарт Роудзни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу 1000 дан ортиқ айбланувчига айблов эълон қилинган ушбу иш бўйича ҳозиргача қўлланган энг оғир жазодир. Айблов Роудзни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни талаб этди. 

Собиқ десантчи, кейинчалик адвокат Стюарт Роудз суд жараёнида ўзини «сиёсий маҳбус» деб атади. Ноябрь ойида ҳакамлар ҳайъати уни «исёнкор фитна»да айбдор деб топди. Қўшма Штатларда ушбу юридик атама мамлакат ҳукуматини куч билан ағдаришга уринишни ҳам ўз ичига олади. 

2021 йилнинг 6 январида ўша пайтдаги президент Доналд Трампнинг минглаб тарафдорлари АҚШ Конгресси амалдаги давлат раҳбари Жо Байденнинг президентлик сайловларида ғалаба қозонганини тасдиқламаслиги учун Капитолий биносига бостириб киришди. Натижада тўрт нафар тартибсизлик иштирокчиси ва бир полициячи ҳалок бўлди. Яна 140 нафар полициячи яраланган, уларнинг баъзилари кейинчалик ўз жонига қасд қилди. 

Стюарт Роудз ўша пайтда Капитолий ҳудудида эди, лекин Конгресс биносига кирмаган. 2009 йилда у томонидан асос солинган Oath Keepers ташкилоти аъзолари АҚШ маъмуриятини уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишда айбламоқда. Гуруҳ полициячилар, аскарлар ва ҳамшираларни ёллаш билан шуғулланади. Oath Keepers аъзолари кўпинча намойишлар ва сиёсий тадбирларга қуролланган ҳолда келишади. 

Мавзуга оид