Апрел ойида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz’га берган интервьюсида 15 майдан Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланишнинг мослашувчан тарифлари жорий этилишини, йўлкира нархлари ўзгаришини таъкидлаганди.

«Автобуслар келганидан кейин, бунинг норматив бўйича ўтиш йўллари бор. Шундан кейин, йўлкиранинг таннархи чиқади. Таннарх аниқланганидан кейин биз буларни оммага эълон қиламиз. Мана шу жараёнлари билан тарифнинг ўзгариши 15 май санасига тўғри келади. 15 майдан янги тарифлар жорий этилади», – деганди вазир.

Аслида президент қарорига кўра, 2023 йил 1 апрелдан янги тарифлар амалиётда қўлланилиши керак эди. Лекин бу на апрел ойида, на май ойида амалга оширилди.

Kun.uz лойиҳа тақдири юзасидан Транспорт вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Қайд этилишича, вазирлик томонидан янги тарифлар қандай шаклда бўлиши, нима қилиниши ва нарх-наволари аниқланиб, лойиҳа Тошкент шаҳар депутатлар кенгашига тақдим қилинган.

«Шуни депутатлар тасдиқлаб берса, кейин тарифларни қўллаш бўйича амалий ишлар бошланади», – деди вазирлик матбуот котиби Навруз Ашурматов.

Масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати билан ҳам боғланилганда, ҳокимлик матбуот котиби «гап депутатлар кенгашида қолганини» тасдиқлади. 

Янги тарифлар нега муҳим?

Янги тариф тизими жорий этилишининг асосий мақсад-мазмуни аҳоли мобиллигини рағбатлантириш ҳисобланади. Яъни йўловчи 2-3 та манзилга бормоқчи бўлса, унинг учун жамоат транспортидан фойдаланиш энг қулай вариант бўлиши керак. Тарифлар 1 соат ичида 2 000 сўмдан (биринчи қатнов 1 600 сўм + иккинчи қатнов 400 сўм + учинчи қатнов бепул) жамоат транспорти тармоғидан чекланмаган миқдорда фойдаланиш имконини беради. Бу шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини оширишга хизмат қилади.

Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг таъкидлашича, тарифлар масаласи ҳозирда 14 та автобусда жорий этилган брутто-шартнома тизимининг самарали ишлаб кетишига ҳам боғлиқ.