2011 йил Яқин Шарқ минтақасининг бир нечта давлатларида норозилик намойишлари ортидан инқилоблар юз берди. Бу воқеалар тарихга Араб баҳори номи билан ёзилди. Сурия эса глобал кучларнинг тўқнашув полигонига айланди ва Араб давлатлари лигасидан чиқариб юборилди.

Орадан 12 йил ўтиб, Башар Асад ташкилот учрашувига яна таклиф қилинди. Kun.uz мухбири сиёсатшунослар Ҳабибулло Азимов ва Камолиддин Раббимов билан Сурия инқирози, Яқин Шарқ минтақасидаги геосиёсий вазият ҳақида суҳбатлашди.

— Араб давлатлари лигаси аслида нима мақсадда тузилган эди ва ташкилот аъзолари нега Сурияни аввал яккалаб, кейин яна ташкилотга қайтаришга қарор қилишди?

Ҳабибулло Азимов: Авваламбор, дунё сиёсий харитасига эътибор берадиган бўлсак, Шимолий Африка ва Яқин Шарқда 22 та араб давлати мавжуд. Улар 13 млн кв км ер майдонига ва 370 млн аҳолига эга. Бу мамлакатлар стратегик ва ресурс нуқтайи назаридан энг унумли минтақаларда жойлашган. Уларни бирлаштириб турувчи ташкилот эса – Араб давлатлар лигаси (Араб бирлиги)дир.

Ташкилотнинг тарихига қарайдиган бўлсак, унда дастлаб Саудия Арабистони ташаббуси билан 1934 йилда Ироқ қироллиги билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Кейинчалик, 1944 йилда Мисрда Искандария протоколи тузилади, шундан кейин Қоҳирада Миср, Саудия Арабистони ва Сурия каби мамлакатлар иштирокида расман Араб давлатлари лигаси ташкил қилинади.

Ташкилот 22 та Араб давлати ўртасида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий алоқаларни ривожлантириш, уларнинг мавжуд муаммоларини биргаликда ҳал қилиш, ҳудудий дахлсизликни таъминлаш, ички ва ташқи хавфларнинг олдини олиш масалаларида бир-бирларига кўмаклашиш мақсадида тузилган.

Камолиддин Раббимов: Ўзлик энг катта иттифоқлар ёки зиддиятларга асос бўлган. Араб давлатлар лигаси замирида битта ўзлик туради, яъни бу давлатларнинг барчаси араб тилида гаплашади ва аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар. Иккита фундаментал омил: тил ва ўзликнинг келиб чиқиши ҳамда дин, бу албатта, энг катта интегратор ва уларни бирлаштирувчи асосий омил. Бу уларда бир томондан умумий дунёқарашни шакллантиради, иккинчи томондан эса уларнинг бирлашувини тақозо этади.

Глобаллашган дунёда араб давлатлари жуда катта инқирозларни бошдан кечирди, хусусан, 1947 йилда Яқин Шарқда Исроилнинг қайтадан ташкил топиши. Бу давлатнинг қайтадан ташкил топиши, дейишимнинг сабаби – тарихда ўша ҳудудларда чиндан ҳам яҳудий қабилалари мавжуд бўлган. Ислом дини пайдо бўлган вақтда у ерда Исроил давлати бўлмаган, яъни тарихий Исроилнинг йўқ бўлиб кетишида мусулмонларнинг қўли йўқ, бу аслида христиан динининг цивилизацияси билан боғлиқ. 1947 йилда Исроил ташкил топганидан кейин, араб давлатлари катта-катта инқирозларни бошдан кечирди, бу даврда Араб лигаси асосий координатор ролини ўйнади.