Фарғона шаҳри Қиргули мавзеси Янги аср кўчасида 27 май куни соат 10:00лар чамасида газли сув сотиш шохобчасида углерод қўшоксиди гази тўлдирилган баллон портлаган. Шохобча ходими ёзги таътилга чиққан 12 ёшли ўғлига иш ўргатиш учун олиб келган куннинг биринчисида машъум ҳодиса содир бўлган. Баллон портлаши оқибатида мактаб ўқувчиси Раҳматжон Раҳматов чап оёғидан жиддий жароҳат олиб шифохонада мураккаб жарроҳлик муолажасини ўтаган. Бахтсиз ҳодисадан ота ҳам жароҳатланган.

Kun.uz мухбири воқеа жойида ва шифохонада бўлиб ҳодиса оқибатларини ўрганди. Маълум бўлишича, газли сув идишидаги ҳаво босимининг кўтарилиб кетиши натижасида портлаш ҳодисаси кузатилган. “Юлдуз” МФЙ профилактика инспектори, капитан Рустам Қурбонов ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.

Рустам Қурбонов

“Эрталаб газли сув сотиш шохобчасида портлаш бўлгани ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойига етиб борганимда тумонат одам йиғилганини кўрдим. “Газвода” суви “бачоги” портлаши оқибатида ота-болага тан жароҳати етиб тез тиббий бўлимга олиб кетишган экан. Зудлик билан шифохонага бордим. Шифокорлар оёғидан жароҳат олган болани операция хонасига олиб киришди.

Газли сув сотиш шохобчаси ишчиси ёзги таътилга чиққан ўғлига иш ўргатиш учун ўзи билан бирга дўконга олиб келган экан. Бахтсиз ҳодиса оқибатида отанинг ҳам оёғи шиша бўлакларидан жароҳат олган. Ҳозирда ҳолат бўйича қўшимча суриштирув ишларини олиб боряпмиз”, – дейди у.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали  Юрак қон томир жарроҳлиги ва микрохирургия бўлими шифокори Ихтиёр Ҳомиджоновнинг маълум қилишича, ёз мавсумида айнан ёш болаларнинг баллон портлаши оқибатида жароҳат олиб бўлимга келиш ҳолатлари кўплаб кузатилади.