Ўзбекистон | 08:33 / 30.05.2023
3671
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича минтақавий ваколатхонаси очилиши мумкин

Табиат ресурслари вазирлигида ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Вазирлик маълумотига кўра, унда Табиат ресурслари вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО ўртасидаги экологик таълим, табиий меросни бошқариш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида «яшил» иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш, рақамлаштириш тизими, экологик таълим ва маданиятни жорий этиш, ходимлар ва мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда бу борада хорижий тажрибани қўллаш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон атроф муҳити ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисида миллий маърузасини ишлаб чиқиш, миллий экологик ва табиий мерос рўйхатларини тузиш масаласи муҳим эканлиги қайд этилди. Тошкентда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича минтақавий ваколатхонасини очиш бўйича таклиф билдирилди.

Оролбўйи минтақасида Орол маданий мерос боғи инновацион лойиҳасини ишлаб чиқиш, маданий мерос объектларига ташриф буюрувчилар марказларини ташкил этиш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича стратегик аҳамиятга эга дастурларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳаво, сув ва экологик таълим масалаларида олиб борилаётган изчил ишлар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштиришда муҳим ҳаракатланувчи механизм эканлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида жорий йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенциянинг (CMS) 14-Томонлар конференциясини ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди.

Мавзуга оид