Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Aрипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 29 май куни Рим шаҳрида “Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбир Италия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида фаолият юритувчи Италия халқаро ташкилотлар жамияти билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тадбирда Италия ТИВ, турли давлат идоралари, етакчи компаниялари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан Элдор Aрипов Италия 30 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шериги сифатида мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади.

Aриповнинг қайд этишича, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ва Конституциянинг янгиланган таҳриридан келиб чиқадиган вазифалар Ўзбекистон–Италия муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун янги истиқболларни очмоқда.

Рим Ўзбекистондаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Италиялик ҳамкорлар мамлакатда демократик институтларни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва диверсификация қилиш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатни юксак баҳолайди.

Италиялик экспертлар нафақат Римда, балки Европа Иттифоқида ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатишаётганини, бу орқали, энг аввало, халқ фаровонлигини таъминлаш вазифалари устувор эканини таъкидлади.

Италиянинг Тошкентдаги элчиси Aгостино Пиннанинг сўзларига кўра, 2017 йилдан Ўзбекистонда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги конституциявий ислоҳот бозор иқтисодиёти учун янада мустаҳкам пойдевор яратди: тадбиркорлик фаолиятининг асосий эркинликлари ва кафолатлари мустаҳкамланмоқда, хусусий мулк ҳимояси кучайтирилмоқда.

Aгостино Пиннанинг сўзларига кўра, Италия–Ўзбекистон муносабатлари айнан шундай жадал ва изчил ривожланаётган парадигмада гуллаб-яшнамоқда. Шундай қилиб, 2022 йил якунига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 32 фоизга ўсиб, 535,4 миллион еврога етди ва бу Италияни Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи йирик савдо ҳамкорига айлантирди.